17:30 (24.10.2025)

53

“Сирли мижоз” тадбирларини ўтказиш тартиби белгиланди

Ҳукуматнинг "Рақобатни таъминлашга кўмаклашиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 667-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) томонидан “сирли мижоз” ва назорат хариди тадбирларини амалга ошириш тартиблари белгиланди. Бу орқали тиббий хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларида қонун талабларига риоя этилишини ННТлар томонидан холис баҳолаш тизими жорий этилади.

Шунингдек, эндиликда Рақобат қўмитаси томонидан ҳамда тажриба даврида нодавлат ташкилотлар иштирокида назорат хариди тадбирлари қуйидаги қоидалар асосида амалга оширилади:

- Назорат хариди ва “сирли мижоз” тадбирлари қонунийлик, холислик ва махфийлик принципларига асосан ўтказилади;

- Бу тадбирлар бўйича режа Қўмита томонидан ишлаб чиқилиб, расмий тарзда тасдиқланади;

- Ҳар бир тадбир бўйича масъуллар, жой, муддат, текшириладиган мажбурий талаблар ва фото-видео қайд этиш тартиби буйруқ билан белгиланади;

- Назорат хариди жараёнида олинган намуна ва маълумотлар тегишли лабораторияларда синовдан ўтказилади;

- Агар товар ёки хизмат қонун талабларига мос келмаса, тегишли ваколатли органларга юборилади ва жамоатчиликка ахборот берилади;

- Биринчи марта қонунбузарлик аниқланса, тушунтириш ва ёрдам чоралари кўрилади, такрорий ҳолларда эса текширув белгиланади;

- Нодавлат ташкилотлар ўз маблағлари ҳисобидан тадбирларни амалга оширади, Қўмита эса ушбу фаолиятни мувофиқлаштиради ва методик ёрдам кўрсатади.

Бундан ташқари, қарор орқали соғлиқни сақлаш соҳасида “сирли мижоз” усули билан тиббиёт ва дорихона хизматлари сифатини баҳолаш ҳамда чакана савдода назорат хариди жараёнларини қонун доирасида йўлга қўйиш учун ҳуқуқий асос яратилди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech