15:30 (20.05.2026)
44
Дори воситаларини ва тиббий буюмларни тайёрлаш, сақлаш, уларнинг сифатини назорат қилиш ҳамда уларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрлаш дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрлаш учун тегишли лицензияга эга бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилади.
Дори воситалари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қўлланиши рухсат этилган дори моддаларидан (субстанциялардан) тайёрланади ва санитария нормалари, талаблари ва гигиеник нормативларга жавоб берадиган шароитларда амалга оширилади.
Ҳужжат билан дорихоналарда:
➖ инъекцион ва инфузион дори воситалари;
➖ янги туғилган чақалоқлар ва 1 ёшга тўлмаган болаларни даволаш учун мўлжалланган дори воситалари;
➖ антибиотиклар;
➖офтальмологик дори воситалари;
➖ суюқ дори воситалари: суспензиялар, томизиладиган воситалар ва бошқалар;
➖ суртма дорилар;
➖ қаттиқ (кукун шаклидаги) дори воситалари;
➖ тиббий буюмлар тайёрланади.
Дорихоналар тайёрлайдиган дори воситаларининг сифат назоратини ички дорихона назорати соҳасида тегишли профессионал билимга эга бўлган фармацевт амалга оширади.
Кимёвий назорат ўтказиш учун дорихонада барча зарур ускуналар, асбоблар ва реактивлар мавжуд бўлган махсус иш жойи жиҳозланган бўлиши керак. Дори воситалари тайёрланиши тўғрисидаги барча ёзувлар махсус журналга қайд этилади. У ёзма ёки электрон шаклда юритилади.
Тайёрланган дори воситалари сотиш олдидан ҳам назоратдан ўтказилади, қуйидагиларга мувофиқлиги текширилади:
а) дори воситаси ўрамининг унинг таркибига кирувчи дори моддаларининг физикавий-кимёвий хоссаларига мослиги;
б) рецепт, талабнома реквизитларининг тайёрланган дори воситасининг ўровида кўрсатилган маълумотларга мослиги;
в) тайёрланадиган дори воситаларини расмийлаштириш талабларига мослиги.
Бирон-бир номувофиқлик аниқланганда тайёрланган дори воситаси сотилишига йўл қўйилмайди.