15:00 (22.01.2026)
385
Соғлиқни сақлаш вазирининг 2026 йил 21 январдаги 15-сонли буйруғи билан дори воситаларининг ножўя реакцияларига оид маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва бошқариш бўйича янги, мажбурий ва марказлашган тартиб тасдиқланди.
Мазкур буйруқ дори воситалари хавфсизлигини таъминлаш тизимини институционал ва технологик жиҳатдан янгилаш, ножўя реакциялар устидан назоратни кучайтириш ҳамда бу жараённи ягона рақамли механизм орқали бошқаришга қаратилган.
Ҳужжатга мувофиқ, ножўя реакциялар ҳақидаги маълумотларни қабул қилиш, жамлаш ва таҳлил қилиш учун “Фармаконазорат” миллий ахборот тизими амалиётга жорий этилади. Ушбу тизим орқали дори воситалари ва вакциналарни қўллаш билан боғлиқ барча ножўя ҳолатлар марказлашган ҳолда қайд этилиб, таҳлилий баҳоланади.
Янги тартиб соғлиқни сақлаш тизимидаги мулкчилик шаклидан қатъи назар барча тиббиёт муассасалари, шунингдек дорихоналар, дори воситалари ва вакциналарни ишлаб чиқарувчи, реализация қилувчи ҳамда қўлловчи ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади. Шифокорлар, фармацевтлар ва ўрта тиббиёт ходимлари томонидан аниқланган ножўя реакциялар белгиланган тартибда электрон хабарнома орқали ваколатли органга юборилиши лозим.
Буйруқда ножўя реакциялар ҳақида хабар беришнинг аниқ ва мажбурий муддатлари белгиланган. Жумладан,
- инсон ҳаётига реал хавф туғдирган ёки ўлим билан якунланган ҳолатлар аниқланганда хабарнома 24 соат ичида,
- жиддий ножўя реакциялар 3 кун ичида,
- бошқа ножўя реакциялар ёки дори воситасидан кутилган терапевтик самара кузатилмаган ҳолатлар эса 10 кун ичида юборилиши белгиланди.
Хабарномалар фақат расмий электрон платформалар орқали қабул қилинади. Булар жумласига Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг расмий веб-сайти, PharmUz мобил иловаси, махсус Telegram-бот ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий ахборот ресурслари киради. Ушбу ёндашув фармаконазорат жараёнида шаффофлик ва тезкорликни таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, буйруқда фармаконазорат тизимини амалиётга жорий этиш, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини ўқитиш, электрон ахборот тизимини соғлиқни сақлашнинг ягона интеграциялашган платформаларига улаш ҳамда хавфсизлик талабларига мувофиқлигини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар ҳам белгиланган.
Мазкур ҳужжат дори воситалари ва вакциналар хавфсизлигини мониторинг қилиш, ножўя реакцияларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича давлат даражасидаги тизимли назорат механизмини шакллантиришга хизмат қилади.
Буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.