15:00 (19.05.2026)
31
Андижон вилояти божхона бошқармаси ҳамда DXX вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Андижон шаҳрида сифати кафолатланмаган дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқараётган яширин цехнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.
Аниқланишича, Андижон шаҳридаги бир манзилда 4 та юридик шахс фаолияти ташкил этилган бўлиб, улар “озиқ-овқат маҳсулотлари учун кимёвий қўшимчалар” ишлаб чиқариш ниқоби остида ноқонуний равишда сифати кафолатланмаган дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчаларни тайёрлаб келган.
Мазкур яширин лабораторияда бугунги кунда аҳоли орасида кенг тарқалган “Vitamix”, “Gegsi”, “Ferrumfer”, “Winds Baby”, “Lyuvit”, “Yodovit”, “Gepporooz”, “Bifidolin”, “Yodoplyus” каби 100 турдаги маҳсулотлар тайёрлангани маълум бўлди.
Улар орасида болалар учун мўлжалланган сироплар, оғриқ қолдирувчи воситалар, бўғим ва тери касалликлари ҳамда қон кўпайтириш учун препаратлар, турли шамчалар ҳамда махсус чойлар ҳам бўлган.
Энг ачинарли жиҳати эса, ташқи кўриниши бежирим ва ишончли тарзда қадоқланган ушбу маҳсулотларнинг тайёрланиши ва сақланиши мутлақо антисанитария ҳолатида амалга оширилганидир.
Тезкор тадбир давомида ушбу манзилдан:
- 13 дона дори ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш ускуналари;
- 6 дона муҳр;
- маҳсулотларга яроқлилик муддатини қадоқловчи қурилмалар;
- 214 минг дона ёзувсиз бўш шиша идишлар;
- 78 минг дона бўш капсулалар;
- 100 турдаги 503 минг 209 дона сифати кафолатланмаган тайёр дори воситалари;
- 105 килограмм номсиз кукунлар ашёвий далил сифатида олинди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур маҳсулотларнинг умумий қиймати қарийб 5 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.