Янгиликлар

not found

Қулоқчинларда саратонни келтириб чиқариши мумкин бўлган моддалар аниқланди

Қулоқчинлар бўйича ўтказилган тадқиқотда синовдан ўтказилган қурилмалар таркибида инсон саломатлиги учун эҳтимолий хавфли моддалар мавжудлигини кўрсатди. Улар орасида онкологик касалликлар ривожланиши, нейроривожланишдаги бузилишлар ҳамда гормонал мувозанат издан чиқиши билан боғлиқ бўлган кимёвий бирикмалар ҳам бор. Таҳлил турли ишлаб чиқарувчиларнинг қурилмаларини қамраб олди, жумладан Bose, Panasonic, Samsung ва Sennheiser маҳсулотлари ҳам ўрганилди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди. Таҳлил учун тадқиқотчилар Чехия, Словакия, Венгрия, Словения ва Австрияда сотилган 81 та ички каналли ва тўлиқ ўлчамли қулоқчин моделини, шунингдек Shein ва Temu онлайн платформалари орқали сотилган маҳсулотларни харид қилди. Лаборатория синовлари натижаларига кўра, текширилган барча намуналарда хавфли моддалар аниқланган. Намуналарнинг 98 фоизида бисфенол A (BPA), учдан тўрт қисмидан кўпроғида эса бисфенол S (BPS) аниқланган. Бу моддалар пластикнинг қаттиқлигини ошириш учун қўлланилади ва эстроген гормони таъсирини тақлид қилиши мумкин. Шу боис улар саратон касаллиги ривожланиши хавфи, қизларда эрта жинсий балоғатга етиш ҳамда эркакларда гормонал бузилишлар билан боғлиқ бўлиши эҳтимоли мавжуд. Аввалги тадқиқотлар бисфеноллар синтетик материаллардан терга ўтиши ва тери орқали организмга кириб бориши мумкинлигини кўрсатган. Бундан ташқари, қурилмаларда репродуктив тизим учун заҳарли деб ҳисобланадиган фталатлар, жигар ва буйракларга зарар етказиши мумкин бўлган хлорланган парафинлар, шунингдек эндокрин тизимни бузувчи хусусиятга эга бўлган бромланган ва органофосфатли антипиренлар ҳам аниқланган. Ушбу бирикмаларнинг аксарияти жуда кам миқдорларда топилган. Мутахассислар таъкидлашича, гарчи бир марталик доза кичик бўлиши мумкин бўлса-да, турли манбалардан доимий йиғилиб, «коктейль эффекти» деб аталувчи ҳолатни юзага келтириши мумкин. Бу эса узоқ муддатли саломатлик хавфларини оширади. Чунки бугунги кунда қулоқчинлар ҳар куни бир неча соат давомида тақиб юриладиган қурилмага айланган, дейишмоқда тадқиқотчилар.

  • 20 Февраль, 09:00
  • Батафсил
not found

Давлат ташкилотлари дори-дармон ва тиббий жиҳозлар сотиб оладиган ягона платформа яратилади

Савдо-саноат палатаси биносида давлат харидларида иштирок этувчи тадбиркорлар ва ташкилотлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.  Тадбир давомида давлат харидлари жараёнидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратиш борасида муаммо ва таклифлар ўрганилди. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фарҳод Тошпулатовнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда давлат буюртмачилари дори-дармон ва тиббий буюмлар харид қиладиган ягона платформа ишлаб чиқилмоқда.  Вазирлик расмийсининг тушунтиришича, давлат харидлари электрон тизимида “Farma.xarid.uz” модули ишлаб чиқилмоқда. “Тиббиёт йўналишидаги барча платформаларни бир жойга жамлаяпмиз. Ҳозир маҳсулотларни кимдир дўкондан оляпти ёки турли платформалардан фойдаланяпти. Биз барчасини бир жойга йиғамиз. Бу бўйича иш кетяпти”, деди вазир ўринбосари. Ҳукумат қарорига асосан, 2026 йил 1 мартдан янги модулдан фойдаланиб давлат харидларини амалга ошириш Андижон ва Наманган вилоятларида йўлга қўйилади. Июль ойидан эса механизм бутун республика бўйча мажбурий тарзда жорий этилади. 2026 йил 1 июлдан эътиборан фармацевтика йўналиши бўйича давлат харидларида қатнашиш учун: дориларни ишлаб чиқарувчилар GMP сертификатига; тиббий жиҳозлар ишлаб чиқарувчилар ISO:13485 сертификати; дориларни улгуржи сотувчи дистрибюторлар GDP сертификатига эга бўлиши шарт. Ўз навбатида маҳсулотлар сертификат ва гувоҳнома амал қилаётган даврда ишлаб чиқарилган бўлиши талаб этилади.  Янги модулда фармацевтика маҳсулотларининг бошланғич нархини қўшни давлатлардаги ўртача нархлар билан таққослаш имкони ҳам яратилади.

  • 19 Февраль, 11:30
  • Батафсил
not found

Битмайдиган яралар учун ампутациянинг олдини олувчи гель ишлаб чиқилди

Калифорния университети олимлари жароҳат ичида тўғридан-тўғри кислород ишлаб чиқарадиган ва ампутацияга олиб келиши мумкин бўлган сурункали жароҳатларнинг битишини тезлаштирадиган гел ишлаб чиқди. Тадқиқот натижалари Communications Materials (ComMat) журналида эълон қилинди. Сурункали яралар - бу бир ойдан ортиқ вақт давомида битмайдиган яралар. Дунё бўйлаб тахминан 12 миллион киши улардан азият чекади, деярли ҳар беш бемордан бири охир-оқибат ампутацияга муҳтож бўлади. Ампутация (лот. amputatio — кесиш) — бу касаллик, шикастланиш ёки диабедт, хавфли ўсмалар сабабли тана аъзосининг (одатда қўл ёки оёқнинг) бир қисми ёки бутунлай жарроҳлик йўли билан кесиб ташланишидир. Ушбу амалиёт ҳаётни сақлаб қолиш ва гангрена каби оғир асоратларнинг олдини олиш учун охирги чора сифатида қўлланилади. Тадқиқотчилар ярани ёмон битишнинг асосий сабабларидан бири сифатида гипоксияни — яъни шикастланган тўқималарнинг чуқур қатламларида кислород етишмаслигини кўрсатишмоқда. Жамоа сув ва холин асосида юмшоқ, эластик гел ишлаб чиқди, бу антибактериал хусусиятларга эга биомослашувчан бирикма. Гельни кичик батарея билан бирлаштирганда, модда кичик электрокимёвий тизимга айланади, сув молекулаларини парчалаб, доимий кислород оқимини таъминлайди. Гель яранинг чуқурчаларини тўлдиради ва қотишидан аввал унинг шаклини аниқ такрорлайди. Бу кислородни айнан унинг миқдори энг кам бўлган ва инфекция хавфи энг юқори бўлган жойларга етказиш имконини беради. Тизим кислородни доимий равишда бир ойгача етказиб тура олади — бу ҳаётий аҳамиятга эга муддат, чунки янги қон томирлари шаклланиши бир неча ҳафтани талаб қилади. Тажрибаларда қандли диабетга чалинган сичқонларнинг битмаган яраларини даволашда ҳафтада алмаштириладиган кислородли пластердан фойдаланилганда, яралар ўртача 23 кун ичида ёпилди. Муаллифлар кислородни назоратли етказиш нафақат сурункали яраларни даволаш учун, балки сунъий тўқималар ва органларни яратишда ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди.

  • 19 Февраль, 09:00
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech