17:50 (05.03.2025)
847
Беш кун давомида ёғли таомлар ва ширинлик истеъмол қилиш мия фаолиятини ўзгартирди, ҳатто вазн ўзгармаган бўлса ҳам. Тюбинген университети олимлари носоғлом овқатланишнинг мия фаолиятига таъсирини маълум қилди, деб ёзади Nature нашри.
Тажрибада 29 нафар соғлом эркак иштирок этди. Улардан 18 нафари алоҳида тайёрланган, шоколад, чипс ва фастфудни ўз ичига олган юқори калорияли маҳсулотлар тўпламини истеъмол қилишди. Беш кун давомида улар одатдагидан ўртача 1,2 минг калория кўпроқ истеъмол қилган. Назорат гуруҳидагилар эса одатий рационга амал қилган.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ҳатто қисқа муддатли носоғлом овқатланиш ҳам миянинг метаболизмни тартибга солувчи ва иштаҳани бўғувчи гормон — инсулинга бўлган реакциясини сусайтиради. Бу таъсир семиз одамларда кузатиладиган ўзгаришларга ўхшайди.
"Биз ўзгаришлар соғлом одамларда бунчалик сезиларли бўлишини кутмагандик," — деди нейробиолог Стефани Куллман. Шунга қарамай, олимларнинг таъкидлашича, уларнинг тадқиқотлари тўлиқ эмас, чунки улар фойдали озиқ-овқатларни ортиқча истеъмол қилишнинг организмга таъсирини ҳисобга олмаган.