17:45 (08.09.2025)
45
Қирғизистондан йирик миқдордаги психотроп моддалар олиб келган шахслар қўлга олинди, дея хабар бермоқда «Хавфсизлик» канали.
Унда айтилишича, Наманган шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган, муқаддам Жиноят Кодексининг 246 ва 251-1-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир қилган шахс қирғизистонлик танишига алоқага чиқиб, катта партиядаги дори воситаларини етказиб беришини сўраган.
Ўз навбатида Қирғиз Республикаси фуқароси 16 минг 755 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини айланма йўллар орқали Косонсой туманига олиб келиб, хуфия жойга қолдирган.
Наманганлик шахс эса ушбу дори воситаларини Косонсой туманидан Наманган шаҳрига келтириб бериши учун ўзининг ҳамшаҳарига 500 минг сўм ваъда қилган.
ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда курьер дори воситаларини хуфия жойдан олиб кетаётган вақтида ушланган. Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, буюртмачи ҳам процессуал тартибда қўлга олинган.
Ҳозирда ушбу 2 нафар фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 1-қисми ва 251-1-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шу каби яна бир ҳолат Фарғона вилоятида ҳам аниқланган.
Унга кўра, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Қўқон шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган, муқаддам Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир қилган шахс ўзининг «Tracker 2» русумли автомашинасида «Фарғона–Қўқон» йўналишида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилган.
Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида 11 минг 200 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги фош қилинган.
Терговга қадар текширув давомида, ушбу дори воситалари Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинганлиги аниқланган. Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 1-қисми ва 251-1-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.