12:00 (19.05.2026)

67

Темир препаратларини қачон қабул қилиш керак?

Темир моддаси инсон организми учун муҳим микроэлементлардан бири бўлиб, гемоглобин ҳосил бўлиши, тўқималарга кислород етказиб бериш, иммунитет ва энергия алмашинувида муҳим аҳамиятга эга.

Организмдаги темир захираси асосан ферритин кўрсаткичи орқали баҳоланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 5 ёшгача бўлган болаларда ферритин даражасининг 12 мкг/л дан паст бўлиши, 5 ёшдан катта болаларда эса 15 мкг/л дан паст бўлиши темир танқислигини кўрсатиши мумкин. Шу билан бирга, 15–30 мкг/л оралиғидаги натижалар “кулранг зона” ҳисобланиб, қўшимча таҳлил ва шифокор баҳосини талаб қилиши мумкин. Амалиётда катталарда темир танқислигини аниқлаш учун кўпинча 30 мкг/л дан паст кўрсаткич мезон сифатида қўлланади.

Мутахассислар таъкидлашича, ферритин яллиғланиш ва инфекцияларга жуда сезгир. Шу сабабли айрим ҳолатларда унинг нормал кўрсаткичи ҳам организмда темир етишмаслиги йўқ дегани эмас. Ташхис қўйишда инсоннинг ёши, жинси, шикоятлари, сурункали касалликлари ва бошқа таҳлил натижалари ҳам биргаликда баҳоланади.

Темир танқислиги аниқланганда шифокор тавсияси билан темир препаратлари қабул қилиниши мумкин. Даволашда икки валентли темир препаратлари — сульфат ёки глюконат шаклидаги воситалар самарали ҳисобланади. Уч валентли темир препаратлари ҳам клиник тавсияларда биринчи қатор терапияси сифатида кенг қўлланилади.

Шунингдек, рационга темирга бой маҳсулотларни киритиш муҳим: мол ва товуқ жигари, гўшт, тухум, денгиз маҳсулотлари, ловия ва бошқа дуккакли маҳсулотлар.

Темир сақловчи биологик фаол қўшимчалар (БАД) таркибида фақат профилактик, яъни олдини олишга мўлжалланган дозалар бўлади, даволовчи миқдор эмас. Улар дори воситалари каби қатъий сифат назоратидан ўтмайди, шунинг учун темир танқислиги анемиясини мустақил даволаш учун тавсия этилмайди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech