09:03 (10.12.2025)
139
Бактериал инфекция фонида анемия билан оғриган беморларни даволашда узоқ вақт давомида хавфли деб ҳисобланиб келинган темирни вена орқали юбориш усули нафақат хавфсиз, балки самарали экани маълум бўлди.
Бундай терапия инсоннинг ўлим хавфини сезиларли даражада камайтиради. Бундай хулосага 85 мингдан ортиқ госпитализация қилинган беморлар маълумотларини таҳлил қилган гематологлар келдилар. Тадқиқот натижалари Blood журналида эълон қилинган.
Темир бактерияларни «озиқлантириши» мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар туфайли узоқ йиллар давомида уни вена орқали юборишдан қочиш тавсия этилганига қарамай, тадқиқотчилар бунга тескари натижани аниқладилар: пневмония, MRSA, колит ва бошқа кенг тарқалган инфекцияларга чалинган беморларда, агар улар темир қабул қилсалар 14 ва 90 кун ичидаги ўлим даражаси анча паст бўлган.
Бундан ташқари, ушбу беморларда 2–3 ойдан сўнг гемоглобин даражаси темир қабул қилмаган беморларга нисбатан сезиларли даражада ошган.
Бактериал менингитда яхшиланиш кузатилмаган, аммо ҳолатнинг ёмонлашиши ҳам қайд этилмаган.
Муаллифлар таъкидлашича, олинган маълумотлар ретроспектив таҳлилга асосланган ва темирни вена орқали юборишнинг ҳақиқий фойдасини фақат рандомизация қилинган клиник тадқиқот тўлиқ тасдиқлай олади. Бироқ натижалар ўткир инфекциялари бўлган беморларда анемияни даволаш бўйича кўп йиллик қарашларни қайта кўриб чиқишга туртки бермоқда.