13:00 (06.07.2026)
84
Провизорнинг таъкидлашича, темир препаратлари, антидепрессантлар, тутқаноққа қарши дорилар ва антибиотикларни чой билан қабул қилиш тавсия этилмайди. Чунки чой айрим дори воситаларининг организмда сўрилишига халақит бериши мумкин.
Мутахассиснинг тушунтиришича, чой таркибида танинлар деб аталувчи ошловчи моддалар мавжуд. Улар чойга ўзига хос тахир таъм беради. Танинлар дори воситасининг фаол моддаси билан кимёвий реакцияга киришиб, эримайдиган бирикмалар ҳосил қилади. Натижада йирик молекулалар пайдо бўлади ва улар ичак девори орқали сўрилмайди. Бу эса дори организм орқали деярли таъсир кўрсатмасдан чиқиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.
Яна бир муҳим омил — кофеин. У кучли рағбатлантирувчи модда бўлиб, жигар ферментлари фаолиятига таъсир қилади. Бу айрим дориларнинг қондаги миқдорини ошириб, ножўя таъсирлар хавфини кучайтириши ёки аксинча, уларнинг даволовчи таъсирини сусайтириши мумкин.
Чой билан қабул қилиш тавсия этилмайдиган дори гуруҳлари:
???? Темир препаратлари
Танинлар темир билан мустаҳкам бирикиб, унинг организмда сўрилишини икки баравардан ҳам кўпроқ камайтириши мумкин.
???? Антидепрессантлар ва нейролептиклар
Бу дориларни чой билан қабул қилиш кутилган тинчлантирувчи таъсирни ўзгартириши мумкин. Айрим нейролептикларда кофеин препаратнинг қондаги концентрациясини ошириб, ножўя таъсирларни кучайтиради.
???? Антибиотиклар
Танинлар баъзи антибиотиклар билан бирикиб, уларнинг бактерияларга қарши самарадорлигини пасайтириши мумкин.
???? Тутқаноққа қарши препаратлар
Чой таркибидаги кофеин ушбу дориларнинг ҳимоя таъсирини сусайтириб, тутқаноқ хуружи хавфини ошириши мумкин.
Дориларни қандай қабул қилиш керак?
Мутахассисларнинг энг оддий ва универсал тавсияси — дориларни оддий тоза сув билан қабул қилиш, чой ва қаҳвани эса алоҳида ичишдир.
Кўпчилик дори воситалари учун чой ёки қаҳва билан қабул қилиш орасида 30–60 дақиқа танаффус қилиш кифоя. Аммо темир препаратлари ва айрим антибиотиклар учун бу танаффус камида 2 соат бўлиши тавсия этилади.
Эслатма: Барча антибиотиклар ёки бошқа дорилар чой билан бир хил даражада ўзаро таъсирга киришмайди. Шунинг учун дори воситасини қабул қилишдан олдин йўриқномани ўқиш ёки шифокор ёки фармацевт билан маслаҳатлашиш мақсадга мувофиқ.