09:00 (12.12.2025)
125
Ҳаводаги заҳарли моддаларнинг узоқ муддат таъсири мунтазам жисмоний машқлар таъсирини икки бараваргача камайтириши мумкин.
Тадқиқотда Буюк Британия, Тайван, Хитой, Дания ва АҚШдан 1,5 миллиондан ортиқ катта ёшли кишилар иштирок этди. Иштирокчилар ўн йилдан зиёд кузатилган, уларнинг жисмоний фаоллик даражаси ва атрофдаги ҳаво сифати баҳоланган. ПМ2,5 майда заррачалар концентрациясига алоҳида эътибор қаратилган.
Жисмоний машқлар ўлим хавфини камайтиради, бироқ... Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ҳафтасига камида икки ярим соатлик жисмоний машқлар ўлим хавфини тахминан 30 фоизга камайтирган. Бироқ одам ҳавонинг ифлосланиш даражаси юқори бўлган ҳудудларда яшаса, бу таъсир сезиларли пасайган.
ПМ2,5 нинг ўртача йиллик концентрацияси 25 мкг/м3 дан ошганда ҳимоя таъсири тахминан икки баравар: 12—15 фоизгача камайган.
Оғирроқ шароитларда — ифлосланиш даражаси 35 мкг/м3 дан юқори бўлганда, машғулотларнинг фойдаси янада кучлироқ пасайган. Олимларнинг таъкидлашича, дунё аҳолисининг тахминан учдан бир қисми ҳавонинг шундай ифлосланишига дучор бўлади.
Лондон Қироллик коллежи профессори Эндрю Стептоунинг айтишича, заҳарли ҳаво жисмоний машқларнинг саломатликка таъсирини сусайтириши мумкин, аммо уларнинг фойдали таъсирини бутунлай йўққа чиқармайди. Олимларнинг таъкидлашича, таҳлилга бошқа омиллар: даромад, таълим, чекиш ва сурункали касалликларнинг мавжудлиги ҳам киритилган, бу эса хулосаларнинг ишончлилигини оширади.