15:08 (08.07.2026)
57
2026 йилнинг 1-ярмида Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш ва фарминспекция бошқармаси томонидан республика бўйлаб 634 та назорат тадбири амалга оширилди.
Уларнинг 125 таси хавфни таҳлил қилиш тизими асосида юқори хавф даражасига эга деб топилган субъектларда ўтказилди. Мазкур ёндашув назорат тадбирларини тасодифий эмас, балки хавф омиллари юқори бўлган йўналишларга йўналтириш имконини бермоқда. Бу эса бир томондан ҳалол фаолият юритаётган тадбиркорларнинг ортиқча текширувларга тортилишини камайтирса, иккинчи томондан қонунбузарлик содир этиш эҳтимоли юқори бўлган субъектлар устидан самарали назоратни таъминлайди.
Назорат тадбирлари давомида аниқланган қоидабузарликлар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳоланди. Хусусан,
- 33 та дорихонанинг суд қарорлари асосида лицензияси бекор қилинди.
- уларнинг 6 тасида давлат томонидан белгиланган дори нархларига риоя қилинмагани аниқланди.
- Яна 64 та дорихона бўйича лицензияни бекор қилиш юзасидан иқтисодий судларга даъво аризалари киритилган бўлиб, ишлар кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек:
- 256 та дорихонага нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди.
- 33 та тадбиркорлик субъектига молиявий таъсир чоралари белгиланди.
- 68 та корхона фаолиятига оид тўпланган ҳужжатлар судга тақдим этилди.
Назорат тадбирларининг асосий мақсади тадбиркорлик субъектларини жазолаш эмас, балки қонун устуворлигини таъминлаш, ҳалол фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, сифатсиз ва хавфсизлиги кафолатланмаган дори воситаларининг муомалага кириб келишининг олдини олиш ҳамда аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Маълумот учун: Республикада ҳозирги кунда 13 828 та дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилувчи ташкилот фаолият юритмоқда. Шундан 7 998 таси асосий дорихона, 5 830 таси филиал ҳисобланади. Бундан ташқари, 106 та дори воситаларини тайёрловчи ташкилот, 61 та дори воситалари ишлаб чиқарувчи корхона ҳамда 456 та улгуржи реализация қилувчи корхона фаолият кўрсатмоқда.