12:00 (05.03.2026)
103
Жаҳонда болалар орасида ортиқча вазн ва семириш муаммоси тез суръатларда кучаймоқда. “World Obesity Atlas 2026” ҳисоботига кўра, 2040 йилга бориб семиришдан азият чекаётган болалар сони 228 миллионга етади.
Бу тарихда биринчи марта ортиқча вазнли болалар сони камвазнли болалар сонидан ошиб кетишини англатади. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди. Ҳисоботда айтилишича, 2025 йилда дунёда 5-19 ёш орасидаги 177 миллион бола семириш муаммосига дуч келган. 2040 йилга келиб бу кўрсаткич 11,9 фоизгача ўсиши кутилмоқда. Мутахассислар бу тенденцияни жиддий хавотирли ҳолат деб баҳолаган, чунки ортиқча вазн соғлиқни сақлаш тизимлари ва жамиятга катта босим келтириши мумкин.
Семириш суръати 180 дан ортиқ давлатда ошиб бормоқда. Айниқса, паст ва ўрта даромадли мамлакатларда бу ҳолат тезроқ кузатилмоқда. Эскпертлар фикрича, бу ўзгариш глобал овқатланиш ва турмуш тарзидаги ўзгаришлар билан боғлиқ.
Тадқиқот муаллифлари болалар семиришининг асосий сабаблари сифатида она саломатлиги, эрта овқатланиш тартиби, жисмоний фаолликнинг камлиги, мактаб овқатланиш сифати ва болалик даврида етарлича эмизишнинг йўқлигини кўрсатади. Шунингдек, ортиқча вазн кўплаб сурункали касалликлар — юрак-қон томир хасталиклари, диабет ва ҳатто айрим турдаги саратон хавфини оширади.
Агар вазият ўзгармаса, 2040 йилга келиб камида 120 миллион мактаб ёшидаги болада ортиқча вазн билан боғлиқ сурункали касалликлар аломатлари пайдо бўлиши мумкин. Шу сабабли халқаро ташкилотлар давлатларни болалар овқатланиши, соғлом турмуш тарзи ва профилактика чораларини кучайтиришга чақирмоқда.