12:00 (28.08.2025)
66
Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида тиббиёт чиқиндиларидан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи завод иш бошлади.
Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар қилди. 2024 йил 13 апрелда инвестор, лойиҳа компанияси ва Ўзбекистон Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида инвестиция шартномаси имзоланган.
Лойиҳанинг биринчи босқичида 2024-2025-йиллар давомида 7 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш орқали Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухоро вилоятларининг барча турдаги тиббиёт муассасаларида йилига ҳосил бўладиган 6 минг тонна тиббиёт чиқиндисини термик қайта ишлаб, йилига 20 ГВт соат қувватга эга ускуналарни ишга тушириши белгиланган.
Иккинчи босқичда яъни 2026-2030-йиллар давомида 108 млн. AҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб етиш орқали республиканинг қолган ҳудудларида жойлашган барча турдаги тиббиёт муассасаларида йилига ҳосил бўладиган 90 минг тонна тиббиёт чиқиндисини термик қайта ишлаб, йилига 300 ГВт соат қувватга эга ускуналар ишга туширилади.
Шунга кўра, Чилонзор туманида жойлашган 16-сон шаҳар касалхонасидаги қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, инсинератор ускуналари олиб келинди ва илк завод ўз ишини бошлади. Завод кунига 20 соатда 6 тонна чиқинди ёқиш қувватига эга бўлиб, 3 тонна миқдоридаги тиббиёт чиқиндиси ёқилиб, бартараф этилмоқда.
Шу турдаги навбатдаги заводлар қурилиши ТошМИ ва СамПИ тиббиёт муассасаларида давом этмоқда.