Янгиликлар

not found

Инфографика: 2017–2024 йилларда Ўзбекистон фармацевтика саноатининг ривожланиши

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тайёрланган инфографикада Ўзбекистондаги фармацевтика саноатининг сўнгги 8 йилдаги ривожланиш динамикаси акс эттирилди. Сўнгги саккиз йил мобайнида Ўзбекистонда фармацевтика саноати жадал суръатларда ривожланиб, миллий иқтисодиётнинг стратегик аҳамиятга эга соҳалари қаторида мустаҳкам ўрин эгаллади. 2017–2024 йиллар давомида соҳани комплекс ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ташқи бозорларда рақобатбардошликни оширишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилди. Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,9 бараварга ўсиб, 2024 йил якунида 4,9 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўсиш, аввало, миллий дастурлар доирасида амалга оширилган ислоҳотлар ва инвестиция фаоллигининг ортиши билан боғлиқдир. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сони 2017 йилдаги 146 тадан 2024 йилда 195 тага етди. Улардан 54 таси дори-дармон воситалари, 38 таси тиббий ускуналар, 103 таси эса тиббий буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Янги ишлаб чиқариш қувватларининг яратилиши ва мавжуд корхоналарни модернизация қилиш орқали соҳанинг ички эҳтиёжларни қондириш салоҳияти сезиларли даражада ошди. 2017–2024 йиллар давомида фармацевтика соҳасига киритилган умумий инвестициялар ҳажми 3,6 бараварга ўсиб, 2024 йилда 185 млн долларни ташкил этди. Бунинг катта қисми тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ҳисобига тўғри келади. Хусусан, замонавий технологияларни жалб қилиш, халқаро стандартларни жорий этиш ва сифат назорати тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Экспорт салоҳияти ҳам сезиларли даражада кенгайди. Агар 2017 йилда фармацевтика маҳсулотлари экспорти 7,3 млн долл. атрофида бўлган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 2,7 бараварга ошиб, 20 миллион долларга етди. Халқаро ҳамкорлик географияси кенгайиб, Германия, Россия ва Қозоғистон асосий ҳамкор давлатлар сифатида шаклланди. Бундай алоқалар ўзбек маҳсулотларининг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини янада мустаҳкамлади. Ишлаб чиқаришда сифат ва хавфсизликка бўлган талабларнинг ортгани шароитида GMP (Good Manufacturing Practice) ва бошқа халқаро стандартларни жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. 2020 йилда 10 та корхона GMP талабларига жавоб берган бўлса, 2024 йилда улар сони 54 тага етди. Шунингдек, ISO 9001:2015 стандарти бўйича сертификатланган корхоналар сони 74 фоизга ўсиб, 59 тага етди. Умуман олганда, фармацевтика саноати Ўзбекистонда технологик жиҳатдан илғор, инвестициявий жозибадор ва экспортбоп соҳалардан бирига айланмоқда. Ҳукумат бу йўналишдаги ислоҳотларни изчил давом эттириб, фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, экспортни рағбатлантириш ва илғор ишлаб чиқариш технологияларини жорий этишга устувор аҳамият қаратмоқда.

  • 26 Август, 17:00
  • Батафсил
not found

АҚШ олимлари аутизмни даволаш учун янги дорини кашф этди

АҚШ Стенфорд тиббиёт университети тадқиқотчилари аутизмни даволашда катта ютуқларга эришди. Улар атиги бир доза билан аутизм аломатларини бартараф этадиган янги дори воситасини кашф этган. Science Advances журналида чоп этилган янги тадқиқотда, сичқонларда аутизм спектрининг бузилишини (PAC) ўрганиш натижасида, тадқиқотчилар таламуснинг сенсор маълумотларни қайта ишлаш учун масъул бўлган ретикуляр ядросидаги гиперактивлик аутистик хатти-ҳаракатлар билан боғлиқлигини аниқлади. Олимлар сичқонларга уликсакалтамид номи билан ҳам маълум бўлган Z944 препаратини, эпилепсияни даволашда қўлланилиши мумкин бўлган воситани — юборишди. Тажриба натижалари ҳайратланарли бўлди: препарат миядаги ушбу фаол соҳанинг фаолиятини сусайтирди ва аутизм аломатларини бартараф этди. "Олимлар аниқлашича, препаратни сичқонларга бир марта юборишнинг ўзиёқ аутизм билан боғлиқ бир қатор белгиларни бартараф этади. Булар қаторига ёруғлик ва овозга нисбатан ортиқча сезувчанлик, ўзини ўзи стимуляция қилиш, такрорий ҳаракатлар, ижтимоий муаммолар ҳамда тутқаноқ хавфининг ошиши киради."-дейилади мақолада. Тадқиқот натижалари шундан далолат берадики, эпилепсия ва аутизмни назорат қилувчи миядаги жараёнлар ўзаро боғлиқ бўлиши мумкин. Мутахассислар фикрича, аутизмли инсонларда эпилепсия ривожланиш хавфи умумий аҳолига нисбатан 30 баробар юқори. Бу ҳолат вақт ўтиши билан когнитив функцияларни ёмонлаштириши, нутқ ва ижтимоий кўникмаларнинг орқага кетишига олиб келиши мумкин. Олимлар таъкидлашича, Z944 препарати келажакда ҳам аутизм, ҳам эпилепсияни даволашда қўлланилиши мумкин. Бироқ, бу дори ҳозирча кенг омма учун фойдаланишга тайёр эмас — у ҳалигача эпилепсия бўйича клиник синовлардан ўтмоқда. Шунингдек, бу препарат одамларда қандай натижа бериши ҳозирча номаълум.

  • 26 Август, 13:00
  • Батафсил
not found

Дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласини тартибга солиш жараёнлари такомиллаштирилади

 “Дори воситалари ва тиббий жиҳозлар муомаласини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–137-сон, 19.08.2025 й.) қабул қилинди.  Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан тиббий буюмлар ва тиббий техникаларнинг муомаласи қуйидагича тартибда амалга оширилади: - тиббий буюм ва тиббий техникалар тиббий жиҳозлар сифатида давлат рўйхатидан ўтказилади; - тиббий жиҳозлар инсон ҳаёти билан боғлиқ бўлган эҳтимоли юқори хавфларни ҳисобга олган ҳолда 4 та хавфсизлик даражасига кўра таснифланади; - тиббий жиҳозлар клиник тадқиқотларнинг ижобий натижаси асосида давлат рўйхатидан ўтказилади. Шунингдек, дори воситалари ва тиббий жиҳозлар учун мувофиқлик сертификатини расмийлаштиришда қуйидагилар талаб қилинади: ▪️ дори воситалари учун – 2027 йил 1 январдан ишлаб чиқарувчининг дори воситалари турига “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти – GMP” миллий сертификати; ▪️ тиббий жиҳозлар учун – 2027 йил 1 июлдан ишлаб чиқарувчининг “ISO: 13485” миллий стандартига мувофиқлик сертификати. Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан: ➖ маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтириш учун “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти – GMP” миллий сертификатига эга бўлиши талаб этилади; ➖ дори воситалари ва тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларига кўра маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларга амал қилиш муддати 5 йил бўлган рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси берилади. Бунда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга илгари муддатсиз берилган рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаларининг амал қилиш муддати мазкур Фармон кучга кирган санадан эътиборан 5 йил этиб белгиланади; ???? дори воситалари ва тиббий жиҳозларни ишлаб чиқариш уларнинг ҳуқуқ эгасининг буюртмаси асосида тегишли лицензияга эга бўлган ишлаб чиқарувчилар томонидан шартнома орқали амалга оширилиши мумкин; ???? тиббий жиҳозларни чакана реализация қилиш фаолияти учун лицензия талаби бекор қилиниб, ушбу фаолият ваколатли органни хабардор қилиш орқали амалга оширилади.

  • 26 Август, 09:00
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech