Янгиликлар

not found

6 ойда 3,7 мингта ҳолатда тадбиркорларга асоссиз жарималар қўлланилган

Ўзбекистонда тадбиркорларга асоссиз жарималар қўллангани учун жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилмоқда. Бунга бундай амалиёт кўп учраши ва бу учун жазо йўқлиги сабаб қилиб келтирилмоқда.  Бизнес омбудсман томонидан тадбиркорлик субъектига нисбатан асоссиз равишда жарималар қўллаган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш кўзда тутилган қонун лойиҳаси жамоатчилик учун эълон қилинди. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 241−11-моддаси билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан асоссиз равишда молиявий жарималар қўллаш, агар бундай ҳолат суд томонидан қонунга хилоф деб топилса базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бизнес омбудсманнинг маълум қилишича, 2024 йил давомида тадбиркорлик субъектлари томонидан асоссиз равишда қўлланган молиявий жарималар бўйича судларга жами 6370 та шикоят аризаси келиб тушган. Уларнинг 5280 таси биринчи инстанция судлари томонидан тўлиқ қаноатлантирилиб, натижада қарийб 1,4 трлн сўм миқдордаги молиявий жарималар бекор қилинган. 2025 йилнинг биринчи ярмида эса судларга 4738 та шикоят келиб тушган бўлиб, уларнинг 3755 таси қаноатлантирилган ва натижада қарийб 3,1 трлн сўм миқдордаги жарималар бекор қилинган. «Юқорида келтирилган маълумотларга кўра, тадбиркорлик субъектларига нисбатан назорат қилувчи органлар томонидан асоссиз равишда молиявий жарималар қўлланиши ҳолатлари амалиётда кўп учрамоқда ва ушбу жарималарни нотўғри қўллаганлик юзасидан қонунчиликда маъмурий жавобгарлик белгиланмаган», — дейди қонун лойиҳаси муаллифлари. Қайд этилишича, маъмурий жавобгарликнинг мавжуд эмаслиги ўз навбатида, назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан асоссиз ва ҳеч бир сабабларсиз молиявий жарималарни қўллашга сабаб бўлмоқда ва уларнинг масъулиятини инкор этмоқда. «Судлар томонидан кўриб чиқилган шикоятларнинг асосий қисми тадбиркорлик субъектлари фойдасига ҳал этилгани ва триллионлаб сўм миқдордаги жарималар бекор қилинганлиги, мазкур муаммонинг долзарблиги ҳамда тизимли ечим зарурлигини тақозо этмоқда», — дейилади лойиҳа ҳужжатида. Қонун лойиҳаси муҳокамаси 9 ноябргача давом этади.

  • 3 Ноябрь, 16:10
  • Батафсил
not found

“Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди

Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.  Қонун билан Давлат ижтимоий суғуртаси жамғармаси томонидан уч турдаги, яъни касаллик муносабати билан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш, ишни ёки даромадни йўқотиш бўйича суғурта тўловлари тўланиши белгиланмоқда. Бундай суғурта ҳодисалари юзага келган тақдирда, жамғарма томонидан суғурталанган шахсларга ва (ёки) уларнинг оила аъзоларига давлат ижтимоий суғуртаси бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилиши назарда тутилмоқда. Жамғарма томонидан давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ижтимоий солиқнинг бир қисми, суғурта бадаллари, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари, жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар ҳисобига шакллантирилади. Шунингдек, Қонунда давлат ижтимоий суғуртасининг амал қилиши кимларга нисбатан мажбурий, кимларга нисбатан ихтиёрий асосда амалга оширилиши белгиланмоқда. Бунда суғурта бадали мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси билан қамраб олинадиган фуқаролар учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун билан белгиланган миқдорларда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг бир қисми ҳисобидан, ихтиёрий давлат ижтимоий суғуртаси билан қамраб олинадиган фуқаролар учун минимал миқдори қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланадиган тўлов ҳисобидан шакллантирилиши қайд этилган. Қонуннинг қабул қилиниши ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга, иш берувчиларга юклатилган ижтимоий тўловлар юкининг ечилишига хизмат қилиши таъкидланди. Шунингдек, мазкур Қонун ишга қабул қилиш жараёнларида хотин-қизларга нисбатан камситиш ҳолатларининг олдини олишига ҳам қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятли эканлиги қайд этилди. Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

  • 31 Октябрь, 14:02
  • Батафсил
not found

ДХХ: Наманганда қалбаки дори воситалари ишлаб чиқарувчи яширин цех фаолиятига чек қўйилди

Наманган шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди. Хусусан, биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари томонидан белгиланган тартиб-қоидаларга зид равишда дори воситаларини тайёрлаш мақсадида ташкил этилган цех кўздан кечирилди. Натижада, унда мавжуд бўлган 1,2 млрд сўмдан ортиқ қийматдаги 9 турдаги 138031 қути дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар, 1,8 млрд сўмлик прекурсорлар, 3,4 млрд сўмлик флакон, қопқоқ, қути ва этикеткалар, 18 млрд сўмлик 14 номдаги ишлаб чиқариш ускуналари, 5,6 млрд сўмлик 23 дона катта ва кичик ҳажмдаги махсус идишлар – яъни, умумий қиймати ўртача 30 млрд сўмни ташкил этувчи товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди. Маълум бўлишича, МЧЖ фақатгина биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш учун сертификат олган бўлишига қарамасдан, санитария талабларига жавоб бермайдиган жойда, номларини ўзгартирган ҳолда 9 турдаги контрафакт дори воситаларини ҳам тайёрлаб келган. Жумладан, “Пиковит” дориси – Пивовит, “Канефрон” – Канасерон, “Эспумизан” – Эспуметик, “Нистатин” – Неститам кўринишида ишлаб чиқарилган. Текширув давомида аниқланишича, қўлбола усулда тайёрланган дори воситалари Фарғона водийси, Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларга етказиб берилган. Ҳозирда қалбаки дори воситалари бўйича экспертиза тайинланиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Таъкидлаш лозимки, дори воситаларини тегишли тартиб ва меъёрларга амал қилмаган ҳолда ишлаб чиқариш ва сотиш – уни истеъмол қилган инсоннинг соғлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ўзгалар ҳаётини хавф остига қўйиш қонун олдида жавобгарликка сабаб бўлади.

  • 31 Октябрь, 12:00
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech