Янгиликлар

not found

ЖССТ томонидан огоҳлантирилган йўтал сироплари Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилмаган

ЖССТ — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан жорий йилнинг 13 октябр куни эълон қилинган тиббий маҳсулот бўйича огоҳлантиришда (Medical Product Alert N°5/2025: Substandard (contaminated) oral liquid medicines) Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган оғиз орқали қабул қилинадиган учта сифaтсиз (ифлосланган) дори воситаси ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Sresan Pharmaceutical, Rednex Pharmaceuticals ва Shape Pharma корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган “COLDRIF”, “Respifresh TR” ва “ReLife” номли йўтал сиропларининг айрим серияларида инсон саломатлиги учун хавфли модда — диэтиленгликол (DEG) аниқлангани қайд этилган. Мазкур дори воситаларини қабул қилиш натижасида Ҳиндистоннинг айрим ҳудудларида болалар ўлими ҳолатлари содир бўлгани маълум қилинган. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази юқоридаги ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди: Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 январдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги ЎРҚ-399-сон Қонунига мувофиқ, юртимиз ҳудудида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар тиббиёт амалиётида қўлланилиши учун улар давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнггина рухсат этилади. Шунингдек, ушбу дори воситаларини фақат қўлланилишига доир йўриқнома (инструкция) талабларига мувофиқ қабул қилиниши белгиланган. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ҳиндистоннинг Sresan Pharmaceutical, Rednex Pharmaceuticals ва Shape Pharma компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган бирорта дори воситаси, жумладан “COLDRIF”, “Respifresh TR” ва “ReLife” препаратлари Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилмаганлигини билдирамиз. Шунингдек, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, давлат рўйхатидан ўтган ва юртимизга кириб келаётган дори воситаларининг ҳар бир серияси аккредитациядан ўтган синов лабораторияларида синовлардан ўтказилиб, ижобий натижаларига асосланган ҳолда сертификатлаштирилади. Сертификатлаштирилмаган дори воситаларини божхона ҳудудидан олиб чиқилишига ва реализация қилинишига йўл қўйилмайди. Эслатиб ўтамиз, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директорининг 2024 йил 8 июлдаги «Дори воситаларининг этиленгликол ва диетиленгликол билан контаминацияланишига оид нохуш ҳолатларни олдини олиш тўғрисида»ги 193-сон буйруғига мувофиқ, юртимизга импорт қилинаётган глицерин, пропиленгликол, полиэтиленгликол, сорбитол эритмаси, мальтитол эритмаси, гидрогенланган крахмал гидролизати ва бошқа юқори хавфга эга бўлган ёрдамчи моддалар сақловчи ичга қабул қилишга мўлжалланган сироп шаклидаги препаратларнинг таркибида этиленгликол ва диэтиленгликоллар каби ёт моддаларнинг мавжудлигини фармакопея талаблари асосида мажбурий равишда текшириш амалиёти жорий этилган. Бу орқали Ўзбекистонда дори воситалари хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини саломатлигига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда шунга ўхшаш нохуш вазиятлар такрорланишини барвақт профилактика қилиш бўйича аниқ механизмлар йўлга қўйилган, дейилади хабарда.

  • 16 Октябрь, 08:49
  • Батафсил
not found

ТАЙИНЛОВ

"Дори-Дармон" акциядорлик компанияси кузатув кенгаши қарори билан Камилов Абдуғани Абдунабиевич компания Бошқаруви раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. Камилов Абдуғани Абдунабиевич 1981 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 2003 йилда Тошкент фармацевтика институтини, 2014 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий бизнес мактабини тамомлаган. 2004 йилдан “Дори-Дармон” АК тизимида иш бошлаган ва шу кунга қадар турли даражадаги ва юкори масъулият талаб қилувчи — савдо менежери, савдо бўлими бошлиғи, тижорат бўйича директор, Бошқарув раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган. 21 йиллик тажрибаси давомида компания ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. "Дори-Дармон" жамоаси Камилов Абдуғани Абдунабиевични ушбу юқори ишонч ифодаси бўлган тайинлов билан муборакбод этар экан, унинг раҳбарлиги остида компания янада муваффақиятли ривожланишига ишонч билдиради.

  • 15 Октябрь, 15:50
  • Батафсил
not found

Қандли диабетнинг янги тури аниқланди

Халқаро олимлар жамоаси томонидан янги туғилган чақалоқларда учрайдиган, TMEM167A гендаги мутация билан боғлиқ қандли диабетнинг янги тури илк бор аниқланди. Journal of Clinical Investigation журналида чоп этилган тадқиқот натижаларига кўра, бу мутация инсулин ишлаб чиқариш учун масъул бўлган ошқозон ости бези β -ҳужайралари фаолиятини бузади ва уларнинг нобуд бўлишига олиб келади. Эксетер университети (Буюк Британия) ва Брюссель эркин университети (Белгия) олимлари CRISPR технологияси ва илдиз ҳужайралардан фойдаланиб, мазкур геннинг ҳужайра жараёнларnга қандай таъсир кўрсатишини кузатишди. Тадқиқот шуни кўрсатдики, TMEM167A фақатгина инсулин ишлаб чиқариш эмас, балки нейронлар – асаб ҳужайралари – фаолияти учун ҳам муҳим ҳисобланади. Бу касалликка чалинган болаларда неврологик бузилишлар, жумладан, эпилепсия ва микроцефалия (миянинг нормадан кичик бўлиши) кузатилган. Муаллифлар таъкидлашича, бу кам учрайдиган диабет турининг аниқланиши инсулин секрецияси механизмларини янада яхшироқ тушунишга ёрдам беради ва келажакда неонатал (яъни янги туғилганларда учрайдиган) диабет ҳамда бошқа турдаги диабет шаклларини даволашнинг янги усулларини яратишга туртки бўлиши мумкин. Бугунги кунда дунё бўйлаб тахминан 600 миллион одам қандли диабетдан азият чекмоқда.

  • 15 Октябрь, 11:55
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech