Янгиликлар

not found

Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг сил касаллиги бўйича юқори даражадаги йиғилишига раислик қилди

Шу йилнинг 19-26 сентябрь кунлари Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясининг умумий муҳокамаси доирасида силга қарши кураш бўйича юқори даражадаги йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА. Ушбу формат соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат, ҳукумат раҳбарлари ва вазирлар иштирокидаги йирик халқаро тадбир бўлиб, силга қарши курашда ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган глобал вазифаларнинг стратегик мақсадларини аниқлашга қаратилган. Форум 2018 йилда Бош Ассамблеянинг биринчи шунга ўхшаш йиғилиши ташкил этилганидан 5 йил ўтиб ўтказилмоқда. Кейинги учрашув 2028 йилда бўлиб ўтади. Унда БМТга аъзо 193 та мамлаатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, соғлиқни сақлаш вазирлари, Бош Ассамблея раиси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ЭКОСОС) раҳбарлари, шунингдек, БМТнинг ихтисослашган идоралари, парламентлар, халқаро донорлар, фуқаролик жамияти, илмий доиралар, тиббиёт бирлашмалари ва хусусий секторнинг юқори даражали вакиллари иштирок этишди. Юқори даражадаги йиғилишнинг биринчи ялпи сессиясини Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов олиб борди. Вазир ўз нутқида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида силга қарши курашиш миллий тизимини тубдан модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 130 минг кишининг ҳаёти сақлаб қолинди, сил касаллиги билан касалланиш 43 фоизга, ўлим даражаси 84 фоизга камайди. Ўзбекистон Президентининг жорий йил январь ойида қабул қилинган «2023-2026 йилларда фтизиатрия ва пульмонология хизматини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳияти алоҳида таъкидланди. Ҳужжатда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш билан бир қаторда латент сил касаллигига қарши скрининг текширувлари сонини йилига 1 миллион нафарга етказиш кўзда тутилган. Тадбир якунида аъзо давлатлар Ўзбекистон ва Польша мувофиқлаштирувида ишлаб чиқилган Сиёсий декларацияни бир овоздан қабул қилдилар. Мазкур ҳужжат БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош штаб-квартирасида ҳам, халқаро ташкилотларнинг бош идоралари жойлашган дунёнинг бошқа шаҳарларида ҳам ўтган йил давомида олиб борилган пухта тайёргарлик ишлари ва жадал давлатлараро музокаралар натижасидир. Ҳужжатда 2030 йилгача силга қарши глобал эпидемияга барҳам беришни жадаллаштириш бўйича аниқ вазифалар ўрин олган. Хусусан, 90 миллион аҳолини сифатли даволаш ва профилактика тадбирлари билан таъминлаш режалаштирилган. Ушбу жараёнда, 2023-2027 йилларда, шу жумладан 4,5 миллион болалар, 1,5 миллион дорига чидамли сил билан касалланган беморлар қамраб олинади. Шунингдек, аъзо давлатлар сил касаллигини глобал молиялаштиришни 2027 йилга бориб йилига 5,4 миллиард доллардан 22 миллиард долларгача ва 2030 йилга бориб эса 35 миллиард долларгача, яъни ҳозирги даражадан тўрт баравардан кўпроққа ошириш мажбуриятини олдилар. Сиёсий декларация биринчи марта мамлакатларнинг кейинги 5 йил ичида силга қарши янги вакцинани ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва фойдаланишни бошлаш мақсадларини тасдиқлайди. Ҳозирги вақтда сил касаллигини даволаш учун фойдаланилаётган «БЦЖ» ягона вакцинаси 100 йил олдин ишлаб чиқарилган. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур стратегик ҳужжатнинг қайд этилган қоидаси сил касаллигини бартараф этишда жаҳон ҳамжамиятининг асосий ютуғидир.

  • 29 Сентябрь, 11:04
  • Батафсил
not found

1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида нималар ўзгаради?

Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури амалга оширилади Тадбиркорлар «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастурида иштирок этишлари мумкин бўлади. Бизнесни ривожлантириш банки   дастурни амалга ошириш ва такомиллаштириб бориш бўйича асосий таянч банк этиб белгиланмоқда.  2023-2026 йилларда Дастурни амалга ошириш учун: давлат маблағлари ҳисобидан – 6 млрд сўм; халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан – $1,2 млрд йўналтирилади. Электр таъминоти ва газ учун тарифлар ўзгармоқда  Ёқилғи-энергетика ресурсларига янги тарифлар белгиланмоқда. Шу билан бирга, жорий куз-қиш мавсумида иссиқлик таъминоти хизматлари бўйича аҳоли учун нархлар оширилмайди. Ижтимоий хизматлар бўйича мурожаатлар -  ягона тизим орқали “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими  Президент ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигитасарруфига ўтказилади.  Аҳолига кўрсатиладиган барча турдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар, шу жумладан, кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдамлар бўйича аризалар мазкур ахборот тизими орқали қабул қилинади. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш маркази ташкил этилади Ўзбекистонда она ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази, шунингдек, марказнинг 14 та ҳудудий филиали ташкил этилади. Марказда ҳомиладор аёллар ва янги туғилган чақалоқларни скринингдан ўтказиш бўйича ихтисослаштирилган ва юқори технологияли диагностика ва даволаш амалиётлари жорий этилади. Шунингдек, акушерлик-гинекологик, тиббий-генетик маслаҳат хизматлари кўрсатилади.  IT-соҳасини қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари  Тадбиркорлик субъектларига электрон тижорат фаолияти доирасида эркин омбор божхона режимига жойлаштирилган товарлар билан чакана савдо операцияларини амалга оширишга рухсат берилади. В2 ва ундан юқори хорижий тил билиш даражасига эга бўлган фуқаролар томонидан тизим бошқаруви, маълумотлар базаси ва "булутли" платформани бошқариш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларда халқаро IТ-сертификатларни олиш харажатларининг 100 % қисмини қоплаш тизими жорий этилади. Лойиҳа ҳужжатларини экспертиза қилиш соҳаси  мутахассислари сертификатланади Сейсмик хавфсизлиги II-IV тоифадаги бино ва иншоотлар буйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш ва назорат функцияларини амалга ошириш йўналишларидаги фаолият юритувчи мутахассисларни сертификатлаш тартиби жорий этилади. Корпоратив муносабатлар соҳаси такомиллаштирилади  Қимматли қоғозлар фонд биржасининг листингига киритилган хўжалик жамиятлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ошкор этиладиган ахборот ва ҳисоботлар билан бир қаторда пул маблағларининг ҳаракати ҳамда акциялар чиқаришнинг бир қисми бекор қилинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ошкор этади.  Қимматли қоғозлар фонд биржасининг листингига киритилмаган хўжалик жамиятлари рўйхати қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланадиган муҳим фактларни мажбурий тартибда ошкор этмайди, бундан тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва устав фондида давлат улуши 50 % ва ундан юқори бўлган АЖ, шунингдек уларнинг таркибидаги АЖлар мустасно.  Иш берувчилар БҲМнинг 3 баравари миқдорида субсидия олишлари мумкин Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, давлат улуши 50 % ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслардан ташқари) БҲМнинг 3 баравари миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.  Рақобатни ривожлантириш соҳасида янги қоидалар Эксклюзив ҳуқуқлар берилган хўжалик юритувчи субъектларнинг реестри (рўйхати) жорий этилади ва ушбу реестрни юритиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан камситмаслик шартларига риоя этилиши устидан назорат Рақобат қўмитасига юклатилади. Рақобат қўмитаси битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятига (устун музокара кучига) эга бўлган субъектларни аниқлайди ва улар томонидан устун музокара кучини суиистеъмол қилишни тақиқлайди. 10 млн сўмдан юқори молиявий санкциялар – суд орқали  Тадбиркорлик субъектларига миқдори 10 млн сўмдан юқори бўлган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун, агар тадбиркорлик субъекти ҳуқуқбузарликни инкор этса, молиявий санкцияларни фақатгина суд тартибида қўллаш амалиёти йўлга қўйилади.    

  • 29 Сентябрь, 08:59
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech