Янгиликлар

not found

AҚШлик олимлар инсон ҳужайраларидан микророботлар — «қутқарувчилар»ни яратишди: улар шикастланган ҳужайраларни тиклайди

Тафтса университети ва Гарвард университети қошидаги Висса институти олимлари инсон трахея ҳужайраларидан Anthrobots деб номланган микророботларни яратишди. Ушбу биологик роботлар нейронларнинг ҳаракатланиши ва ўсишини рағбатлантиради. Роботлар ёши катта инсон ҳужайраларидан генетик модификациясиз яратилган. Тадқиқотчилар шикастланган нейронларга бириктирилган Anthrobotsлар янги кўп ҳужайрали тузилмаларни ҳосил қилиши ва нейронлар юзаси бўйлаб ҳаракатланиб, янги ҳужайралар ўсишига олиб келиши мумкинлигини аниқлади. Беморнинг трахеясидаги нормал ҳужайралар ДНКни ўзгартирмасдан, ўз-ўзидан ҳаракатланиши ва зарарланган ҳудуддаги нейронларнинг ўсишини рағбатлантириши ҳайратланарли ва мутлақо кутилмаган. Ҳозир биз шифо механизми қандай ишлашини ва бу тузилмалар яна нима қила олишини ўрганаяпмиз”, - дейди иш муаллифлари. Инсон ҳужайраларидан фойдаланишнинг афзалликларидан бири беморнинг ўз ҳужайраларидан биоботларни яратиш қобилиятидир, бу эса иммунитет реакцияси хавфини камайтиради. Биоботлар бир неча ҳафта давомида ўз вазифаларини бажариши ва кейин парчаланиши мумкин, бу уларни танадан чиқиб кетишини осонлаштиради. Ушбу кашфиёт шикастланган тўқималарни даволаш орқали организмда терапевтик функцияларни бажара оладиган биоботларни яратишда муҳим қадамдир. -https://involta.media/post/uchenye-sozdali-kroshechnyh-robotov-spasateley-kotorye-vosstanavlivayut-povrezhdennye-kletki

  • 15 Декабрь, 09:01
  • Батафсил
not found

Берунийнинг доривор ўсимликлар ҳақидаги асарини биласизми?

Буюк қомусий олим Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Ал Берунийнинг (973-1048й.) асарлари минг йилдан буён жаҳон илм аҳлига мукаммал дарслик ва қўлланмалар вазифасини ўтаб келмоқда. Олимнинг “Хронология”, “Ҳиндистон”, “Геодезия”, “Минералогия” ва “Масъуд қонунлари” каби асарлари бир мунча тўлиқ ўрганилган. Бироқ Берунийнинг сўнгги асари бўлмиш “Китаб ас-сайдана фи-т-тибб” (“Тиббиётда фармокогнозия китоби”) асари етарли ўрганилган эмас. Унинг ягона асл нусхаси 1927 йилда Туркиянинг Бурса шаҳрида топилган ва ўша ердаги кутубхонада сақланади. Форс тилига таржима қилинган нусхаси эса 1899 йилда Ҳиндистоннинг Лакхнау шаҳрида топилган бўлиб, ҳозирда Британия музейида сақланади. “Сайдана”ни рус тилига олим Убайдулла Каримов ўгирган бўлиб, “Фан” нашриётида 1973 йилда нашр этилган “Беруний” танланган асарларининг IV жилдини ташкил этади. “Сайдана” фармокогнозик асар бўлиб, тиббиётнинг қуроли саналмиш дори-дармон тайёрланувчи воситалар ҳақидаги маълумотлар йиғиндисидир. Фармакогнозия грекча “дори” ва “билим” маъноларини англатувчи сўзлардан иборат. Наботот, ҳайвонот ва маъданлардан олинадиган доривор воситалар ҳақидаги илмий фандир. “Сайдана” ўша вақтлари мавжуд бўлган доришунослик тарихи бўйича ёзилган энг қимматбаҳо манба ҳисобланади. Олимнинг бу асари Ибн Синонинг “Тиб қонунлари”дан кескин фарқ қилади. Ибн Сино доривор воситаларнинг таркибини, хусусиятларини ҳамда касалликка таъсирини, доривор воситалардан доринома бўйича малҳам, ичимлик, дори тайёрлашни аниқ ёзган. Беруний эса ўз асарида ана шундай доривор воситаларнинг турли тиллардаги муқобиллари, ҳатто айрим шевалардаги номларини ҳам келтириб ўтган. Чунки, ўша вақтларда биргина дорининг турли номлари бор ва (ёки) битта атама турли дориларни англатар эди. Бу ҳақда Беруний шундай бир ҳикояни мисол келтиради: “Дориларнинг турли тиллардаги номларини аниқ билиш инсон учун фойдалидир. Менинг эсимда, хоразмлик бир амир касал бўлиб қолганида унинг давоси учун Нишопурдан доринома жўнатадилар. Лекин доришунослар, ҳакимлар дори таркибининг бир қисмини ҳеч топа олмайдилар. Ниҳоят, бир одамда борлигини эшитиб, дориворнинг ўн беш дирҳамини беш юз дирҳам тоза кумушга сотиб олишади. Харид қилинган модда гулсафсар илдизи экан. Табибларнинг жаҳли чиқиб, сотувчига таъна қилишади. Шунда у: “Сизлар дориворнинг номини билмадингиз, лекин аслида шуни сўрадингиз” дея жавоб беради. Беруний гоҳо муаммолар келтирадиган бу каби чалкашликларни бартараф этиш мақсадида ўз асарида наботот, ҳайвонот, маъдан ва улардан олинадиган тахминан 4500 та доривор восита ҳақида маълумот бериб, уларнинг арабча, сурёний, сўғдийча, форсча, хоразмча, туркча ва бошқа тиллардаги номларини келтириш билан бирга, ўша давр доришунослик атамашунослигига катта ҳисса қўшган. Олим гоҳ у атамага, гоҳ бу атамага изоҳ бериш жараёнида тиббиётга дахлдор талай маълумотларни ҳам бериб ўтганки, бу асарнинг кўпқирралигини таъминлаган. Муаллиф 2000 йиллик даврда яшаб ўтган табиблару ҳакимлар ва доришунос олимлар, табиатшунослардан 250 нафарининг асарларидан фойдаланган. Ўрни келганда, мақоллар, шеърий парчалардан ҳам мисоллар келтириб, атамаларнинг маъно қирраларини ёритишга эришган. Доривор моддаларни изоҳлар экан, уларнинг шифобахшлик хусусиятларини ҳам очиб беришга интилган: “Ҳаворанг гулли айиқтовон ўсимлиги бавосилга даво бўлади, қизил гуллилари эса бавосилни кучайтиради... Бўтакўзнинг дамламаси яра-чақаларга малҳам бўлади. Лекин ҳакимлар бўтакўзнинг мижозини совуқ ва ҳўлга тенглаштиришади. У ҳолда яраларга малҳам эмас, тинчлантирадиган воситадир. Қубийун тоши ўткир таъмли ҳидга эга бўлиб, у йирингни тортиб олади”. Беруний ва ундан олдинги давр тиббий атамалари шу доривор олинадиган маҳсулот номига, касаллик номига ва дорининг хусусиятларига нисбатан ифодаланган. Бу хизматлар ўтмиш табибларимиз ва табобатга оид фаннинг халқчиллигини ва амалиётда қўллашнинг қулайлигини таъминлайди. “Сайдана”да бу атамаларнинг бир неча тиллардаги муқобиллари ва синонимлари берилиши табобат илмини умумжаҳон аҳамиятига молик қилган. Улуғ аллома Абу Райҳон Берунийнинг буюк тарихий хизмати ҳам ана шунда.

  • 14 Декабрь, 15:06
  • Батафсил
not found

Ўзбекистонда гриппнинг А тури (H3N2) — Гонконг вируси билан касалланиш ҳолати қайд этилди

Бу ҳақда 13 декабрь куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг матбуот анжуманида маълум қилинди. Гриппнинг бу тури қўмитанинг ҳудудий лабораториялари томонидан беморлардан олинган лаборатор таҳлил натижаларига кўра аниқланган. «Биз вируснинг бу штамми билан танишмиз. Ўзбекистонда гриппнинг ушбу штаммидан касалланганларни ҳимоя қилиш учун 2,2 миллион доза вакцина ишлатилди. Эпидемия мавсуми бошланишидан аввал ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, „Саҳоват“ ва „Меҳрибонлик уйи“ тарбияланувчилари ва ходимлари ҳамда болаларнинг хавф ости гуруҳига мансуб қатламини эмладик», — деди қўмита раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков. Бундан ташқари, йил бошидан буён Ўзбекистонда «чўчқа гриппи» деб номланувчи H1N1 вирусини юқтиришнинг 4 та ҳолати аниқланган. «Кўпчилик „вазиятни назорат қила олмаяпмиз“, „вазият назоратдан чиқиб кетди“ деб ўйлайди. Лекин биз лабораторияларда мониторинг текширувлари орқали буни кузатиб борамиз. Бизда йил бошидан бери 4 та ҳолатда гриппнинг H1N1 штамми аниқланганига гувоҳ бўлдик… Шу билан бирга, биз беморларнинг бокавирус, риновирус, реувирус ёки респиратор синситиал вирус билан касаллангани ҳақида эшитмаймиз. Лекин биз лабораторияларда вируснинг қайси штамми минтақамизда айланаётгани билиш учун шу жиҳатларни ҳам назорат қилиб борамиз», — деди у. Нурмат Отабеков сўнги ҳафтада республика аҳолиси ўртасида ЎРВИ билан касалланиш ўтган ҳафтага нисбатан 25,5 фоизга, Тошкент шаҳрида 25,4 фоизга камайганини маълум қилди. Унинг айтишича, ЎРВИ касаллиги кўрсаткичларида эпидемик бўсағадан (эпидемик парог) 34,3 фоизга пастлиги кузатилмоқда. «Болаларнинг ўткир респиратор инфекция билан касалланиш ёшма-ёш таҳлил қилинганида: касалланишни энг юқори кўрсаткичи 0−1 ёшдаги болалар ўртасида рўйхатга олинган бўлиб, интенсив кўрсаткич шу ёшдаги 100 минг бола сонига нисбатан 368.3 ни ташкил этмоқда. Бунга ЎРВИ билан касалланган беморларни алоҳидаламаслик, бемор болаларни таълим муассасаларига юбориш ҳамда шифокор билан маслаҳатлашмасдан ўзбошимчалик билан даволаниш асосий сабаблар бўлмоқда», — деди у. Грипп ва ўткир респиратор инфекциялар билан оғриган беморларни даволаш мақсадида республика бўйича 8838 нафар бемор ўринлари яратилган бўлиб, уларда 6000 нафар бемор даволанмоқда. Гонконг гриппи ҳақида Гонконг гриппидан биринчи касалланиш ҳолати 1968 йил ўрталарида Гонконгда қайд этилган. Жуда тез тарқалиш жиҳати билан ажралиб турадиган вирус 4 миллионгача одамнинг ўлимига олиб келган пандемияга сабаб бўлган. Гриппнинг бу тури ушбу касаллик учун хос бўлган классик белгилар билан юзага келади. Улар одатдаги грипп вируси келтириб чиқарадиган характерли аломатлардан фарқ қилмайди: танадаги оғриқлар; умумий заифлик ва уйқучанлик; бош оғриғи ва бош айланиши; мушак оғриғи; юқори ҳарорат (кўпинча 39 даражадан юқори); кўнгил айниши ва диарея; оғриқ, кўз ёши ва оғриқ; томоқ оғриғи ва қуруқ йўтал. Гонконг гриппи пневмония, миокардит, энцефалит ва менингит кабиларни келтириб чиқариши, шунингдек сурункали юрак касалликлари, астма, диабет ва бошқаларни кучайтириши мумкин.

  • 14 Декабрь, 11:54
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech