Янгиликлар

not found

Дорихонада бериладиган товар ва касса чеки нима учун керак?

"Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисида"ги низомда, дорихонада дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан бирга сотиб олувчига: ✅ идентификация маълумотлари (номи, дозаси, қадоқлаш, миқдори),✅ дори воситалари ёки тиббиёт буюмларининг номи, уларни берувчи шахсга оид маълумотлар, ✅ бериш санаси ва нархи кўрсатилган товар чеки тақдим этилиши белгиланган. Харид учун чек бериш мажбурийми? Юртимизда 2020 йилнинг январь ойидан онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларга ўтиш жараёни бошланди. Дорихоналарда ҳар бир харид QR кодли чек бериш билан бирга амалга оширилиши лозим. Бундай чеклар қонуний фаолиятдан гувоҳлик беради. Улар фақат онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассалар орқали берилади. Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига мувофиқ: ✅ тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга терминал чеки билан бирга онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал касса чеки ҳам берилиши шарт; ✅ харид чекида товарлар (ишлар, хизматлар) номи, миқдори, қиймати (нархи), суммаси, қўшилган қиймат солиғи ставкаси, шунингдек QR код ва фискал белги мажбурий тартибда акс эттирилади. Ушбу маълумотлар акс эттирилмаган чеклар ҳақиқий ҳисобланмайди. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 221-моддасига кўра: Назорат-касса техникасининг ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларининг қўлланилиши мажбурий бўлгани ҳолда, уларни қўлламасдан савдо қилиш ва хизмат кўрсатиш, чек бермаслик, тўловни ҳисоб-китоб терминали орқали қабул қилишни рад этиш беш миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. ❗️Ҳурматли истеъмолчилар. Агар дорихонада товар чеки биришни рад этиш ҳолатига дуч келсангиз, шунингдек Сизга QR кодли чек берилмаса ва пластик карта орқали харид қилганингизда нарх оширилса, Cолиқ қўмитасининг (71) 244-98-98 ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкин. Товар чекларининг аҳамиятли томони шундаки, агар истеъмолчида дори воситасининг нархи оширилганлиги хусусида шубҳа юзага келса, уни аниқлаш товар чеклари орқали амалга оширилади. Музаффар Ражабов,Тошкент вилояти солиқ бошқармаси мутахассиси

  • 6 Февраль, 09:44
  • Батафсил
not found

Сифати кафолатланмаган “Цефтриаксион” ва “Кардиомагнил” дори воситаси тўхтатиб қолинди

Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотлар асосида вилоят ДХХ ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Н.Б. бошқарувидаги кобальт русумли автотранспорт воситаси Тошлоқ туманида жойлашган фуқаро яшаш хонадонидан чиқаётган вақтида тадбир иштирокчилари ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида автомашина салони ва юкхонасида ҳеч қандай ҳужжатларсиз сифати кафолатланмаган 16 400 дона “Цефтриаксион” номли дори воситалари борлиги аниқланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда. Шундан сўнг, мазкур хонадон тегишли тартибда кўздан кечирилганида хонадонда яна 8 000 дона “Цефтриаксион” номли дори воситалари борлиги маълум бўлди. Ушбу хонадон эгасининг Тошлоқ туманидаги яна бир хонадони ҳам кўздан кечирилганида бу ерда ҳам ҳеч қандай ҳужжатларсиз сифати кафолатланмаган 800 дона “Цефтриаксион” ва 40 000 дона “Кардиомагнил” номли дори воситалари борлиги аниқланди. Ўтказилган тезкор тадбир давомида дастлабки умумий қиймати 171 200 000 сўмлик 2 турдаги жами 65 200 дона сифати кафолатланмаган дори воситалари ашёвий далил тариқасида олинди. Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

  • 3 Февраль, 09:37
  • Батафсил
not found

Тошкент шаҳри ва вилоятида салкам 20 минг дона наркотик модда аниқланди

Кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ички ишлар ва божхона органлари ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилди, деб хабар берди ДХХ матбуот хизмати. Келтирилишича, Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган «Чинор» ЙПХ масканида Cobalt тўхтатилиб, текширилган. Натижада ҳайдовчи — Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган шахс ва унда йўловчи сифатида кетаётган, Фарғона туманида истиқомат қилувчи, 1986 йилда туғилган фуқаро 10 864 дона «Регапен» ҳамда 1995 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дориларини Тошкент шаҳрига олиб кетаётгани маълум бўлди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, Сергели туманида бу дори воситаларини қабул қилиб олган вақтларида Яшнобод туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган, муқаддам судланган аёл ва Учтепа туманида истиқомат қилувчи, 1990 йилда туғилган фуқаро ушланди. Яна бир ҳолатда Тошкент ҳалқа автомобиль йўлининг Бектемир тумани ҳудудидан ўтган қисмида тўхтаб турган Cobalt кўздан кечирилганда унинг салонида бўлган, Фарғона туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган икки фуқаро 5450 дона «Регапен» ва 466 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Фарғона вилоятидан Тошкент шаҳрига олиб келгани маълум бўлиб, ушбу дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Яна бир ҳолатда Наманган-Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt пойтахтга кираверишдаги «Шарқ» ЙПХ масканида тўхтатилиб текширилди. Натижада унда йўловчи сифатида кетаётган, Учқўрғон туманида яшовчи, 1980 йилда туғилган аёлга тегишли сумкада 590 дона «Селофен» ва 478 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди. Суриштирув ҳаракатлари давомида у дори воситаларини Тошкент шаҳрида кутиб турган, 1991 ва 1997 йилларда Жиззах вилоятида туғилган икки фуқарога олиб бориб бериши кераклиги маълум бўлиб, Сергели туманида ушбу шахслар ҳам дори воситаларини қабул қилиб олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди. Шунингдек, Чилонзор туманидаги меҳмонхонанинг улар вақтинча жойлашган хонасидан 137 дона «Селофен» ва 11 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Барча кучли таъсир қилувчи дори воситалари Қирғизистондан ноқонуний йўллар билан олиб келингани маълум бўлди. Ҳозирда ҳолатлар юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

  • 2 Февраль, 11:20
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech