09:12 (18.04.2024)

372

"Rinotin kids" маҳсулотининг рухсатномаси бекор қилинди

Ижтимоий тармоқларда "Rinotin kids" маҳсулоти тўғрисидаги хабарлар тарқалди. Санэпидқўмита хабарларда номи қайд этилган "Rinotin kids" маҳсулоти юзасидан ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади:

“Rinotin kids” сиропи - дори воситаси эмас, балки биологик фаол қўшимча бўлиб, Италия давлатида ишлаб чиқарилади. Ушбу маҳсулотни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш учун “Gricar Chemical S.R.L.” компаниясининг ишончномасига биноан “CYNERGY PHARMCO” масъулияти чекланган жамиятига 2022 йил 29 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиология хизмати тизимида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 131-сонли қарорига мувофиқ рухсатнома берилган. Мазкур маҳсулотга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 318-сонли қарорига биноан белгиланган тартибда хавфсизлигини тасдиқловчи Санитария-эпидемиологик хулоса олинган.

Санэпидқўмита мутахассислари томонидан ушбу ҳолат юзасидан қонун доирасида ўрганиш ишлари олиб борилиб, аҳоли орасида овқатдан заҳарланиш ҳолатларини келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида сироп маҳсулотларига берилган рухсатномалар бекор қилинди.

Шу билан биргаликда “CYNERGY PHARMCO” масъулияти чекланган жамиятига республика ҳудудларидаги барча савдо тармоқлари ҳамда дорихоналардаги “Rad Gida Laboratuvarive Ilac Sanayi Ticaret Limited” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Rinotin kids” сироп маҳсулотларини қайтариб олиш топшириғи берилиб, ижроси назорат остига олинди. Бугунги кун ҳолатига корхона томонидан 28 та дорихоналардан маҳсулотлар қайтариб олинди. Мазкур ҳолат юзасидан профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар биологик қўшимчаларни харид қилишдан аввал уларнинг хавфсизлиги текширилганлиги тўғрисидаги маълумотларни Санэпидқўмитанинг sanepid.uz сайтига жойлаштирилган электрон каталог орқали текшириб олишингизни тавсия қиламиз, дейилади хабарда.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech