“Дори-Дармон” акциядорлик компанияси — динамик равишда ривожланиб келаётган Ўзбекистон фармацевтика бозоридаги етакчи улгуржи-чакана савдо билан шуғулланувчи корхона ҳисобланади. Компаниянинг ҳудудий бўлинмалари мавжуд бўлиб, улар таркибида 7 та акциадорлик жамиятлари ва 14 та масъулияти чекланган жамиятлар, шу жумладан, 17 та омборлар, 15 та таҳлилий-аналитик лабораториялари мавжуд. Узоқ қишлоқ ва тоғли ҳудуд аҳолисини дори-дармон воситалари билан таъминлаш мақсадида Республика ҳукумати кўрсатмаларига асосан компания томонидан махсус ISUZU ва DAMAS изотермик фургонли ихтисослаштирилган автомобиллар ёрдамида 133 та кўчма дорихона ва дорихона филиаллари ташкил этилди. Кўчма дорихоналар аҳолига сифатли дори-дармонларни арзон нархларда етказиб бериш учун барча керакли воситалар билан жиҳозланган. Дори воситаларини сақлашда ҳарорат режимига риоя қилиш учун музлаткичлар ва кондиционерлар мавжуд.
Компания “Dori-Darmon Garant” МЧЖ шахсий божхона омборига эга бўлиб, у ерда божхона расмийлаштируви ва фармацевтика маҳсулотларини сақлаш таъминланади. Бундан ташқари, компанияда Ўзбекистонда дори-дармон бозорини маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, дори-дармон ва тиббиёт буюмларини рўйхатдан ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатишга ихтисослашган “Dori-Darmon Invest” МЧЖ мавжуд. “Дори-Дармон” АК таркибида республика аҳолисига соғлиқни сақлаш ва мулкни суғурталаш бўйича хизматларни тақдим этувчи “DD Insurance” МЧЖ суғурта компанияси ташкил этилган.
Компания ижтимоий аҳамиятга молик дорилар ва тиббий маҳсулотларнинг асосий ассортименти бўлган ижтимоий дорихоналарнинг кенг тармоғини ташкил этишга катта эътибор беради. Бугунги кунда “Дори-Дармон” АК ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан 2283 та ижтимоий дорихона ташкил этилган бўлиб, дорихона филиалларининг 70 фоизи чекка ҳудудлардаги қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктларида жойлашган. Тошкент шаҳридаги оилавий поликлиника ва кўп тармоқли поликлиникаларда жойлашган 44 та ижтимоий дорихона ҳам мавжуд. “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси бир неча йиллар давомида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий муассасаларини мақсадли бюджет маблағлари ҳисобига ижтимоий аҳамиятга эга касалликларни даволаш учун тиббий дори-дармон воситалари билан таъминлаш бўйича давлат дастурларини амалга ошириб келмоқда.
“Дори-Дармон” АК дорихона тармоқлари имтиёзли беморларга дори-дармон воситалари ва тиббий буюмларини бепул тарқатади. 13 та касаллик рўйҳати ва амбулатория шароитидаги бепул тиббий ёрдам кўрсатувчи шахслар рўйҳати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги 204-сонли қарори билан тасдиқланган.
Аҳолининг дори воситаларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш мақсадида компания дорихоналарида шифокорлар рецепти бўйича дори тайёрлаш йўлга қўйилган.
Тошкент шаҳри аҳолиси, жумладан, имтиёзли беморларга хизмат кўрсатишни яхшилаш мақсадида Тошкент шаҳридаги 96 та дорихонада дори-дармон ва тиббий маҳсулотларнинг мавжудлиги тўғрисида батафсил маълумот берувчи “Дори-Дармон” АК тармоғининг “1002” маʼлумот хизмати ташкил этилган.
“Дори-Дармон” АК узоқ йиллар мобайнида профессионал ва барқарор фаолият юритиб, ҳаётий муҳим дори-дармонларнинг доимий мавжудлигини таʼминлаб, ҳамкорликни кенгайтириш ва аҳолига янги дори воситаларини тақдим қилиш имконияти туфайли Ўзбекистон фармацевтика бозорида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Кенг компютер тармоғи тизимидан фойдаланиш орқали тезкор ахборот маълумотларига эга бўлиш, маҳсулотларни фаол қабул қилиш, сақлаш ва аҳолига етказиб бериш жараёнларини оптималлаштириш, маҳсулотни етказиб бериш, қабул қилиш ва сотиш билан боғлиқ бўлган омборлар ва бўлимлар фаолиятини мувофиқлаштириш таʼминланади.
“Дори-Дармон” АК Ўзбекистон бозорида фармацевтика маҳсулотларини етказиб берувчи етакчи компания бўлиши билан бирга, ҳамжиҳат фикрлайдиган катта жамоага эга. “Дори-Дармон” АК ва унинг ҳудудий бўлинмаларида фаолият юритувчи ходимлар юқори малакали мутахассислар бўлиб, улар ўз касбларининг моҳир усталари ҳисобланади. Фармасевтика мутахассисларининг кўпчилиги малакавий тоифаларга эга, компания доимий равишда кадрлар малакасини ошириб боради. Республика аҳолисини ҳамда тиббий-профилактика муассасаларини дори воситалари билан таʼминлаш билан бир қаторда, “Дори-Дармон” АК дорихона муассасаларида дори шаклларини ишлаб чиқариш учун норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқишда, дорихона шароитида тайёрланадиган дори-дармонларнинг доимий сифатини назорат қилади.
“Дори-Дармон” АК мамлакатимиздаги фармацевтика корхоналари ҳамда 130 дан ортиқ етакчи хорижий фирмалар билан ҳамкорлик қилади. Хусусан, Европа ва АҚШ давлатларининг дунё фармацевтика саноатининг этакчи компаниялари билан шартномалар асосида ишлайди.