12:03 (09.11.2023)

765

Депутат таклифи билан аҳолини қандли диабетга текшириш учун давлат бюджетидан маблағ ажратиладиган бўлди

Давлат бюджети маблағларининг мақсадли йўналтирилиши, ундан унумли фойдаланилиши соҳалар равнақи ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Шунинг учун давлат бюджети лойиҳасини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш давомида ҳар бир соҳа ва йўналишларга лозим бўлган маблағларни ўринли йўналтириш долзарб аҳамиятга эга.

Шу кунларда “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасида кўриб чиқилмоқда. Қўмита ва фракциялар ҳукумат томонидан тақдим этилган Бюджетнома лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича иш олиб бормоқда.

ЎзХДП фракциясининг айни масала муҳокамасига қаратилган йиғилишида депутат Мақсуда Ворисованинг Бюджетнома лойиҳаси учун билдирган таклифи инобатга олинди. Гап шундаки, депутатнинг айтишича, ижтимоий касаллик бўлган қандли диабетнинг олдини олиш бўйича Президентнинг тегишли қарорига кўра, 40 ёшдан ошган аҳоли вакилларининг барчаси глюкозага текширилиши керак. Аммо бюджет лойиҳасида мазкур масала кўзда тутилмаган, маблағ ажратилмаган. Бунга жавобан масъуллар ушбу таклиф инобатга олинишини, давлат бюджети лойиҳасига киритилиб, маблағ ажратилишини маълум қилди. 

Шунингдек, Мақсуда Ворисова лойиҳадаги солиқ маъмурчилиги билан боғлиқ қисмидан жой олган дори-дармонга тааллуқли имтиёзларнинг олиб ташланиши нарх-навонинг ошиб кетишига таъсир қилиши мумкинлигини, бу эса аҳолига қийинчилик туғдиришини таъкидлади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департаменти директори ўринбосари Умид Ҳамроев бунга жавобан қуйидагиларни қайд этди:

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган 76 турдаги дори воситалари ҚҚС тўловчи ҳисобланади. Лекин бизда дори ишлаб чиқарувчилар, дорихоналар ҚҚС тўлашдан озод бўлгани учун буни ҳисобга олишнинг иложи йўқ. Улгуржи савдода 15 фоиз, чакана савдода 20 фоизгача устама қўйиш белгиланган. Аммо кўп ҳолларда дори воситаларига хоҳлаганча нарх қўйиб сотиш ҳолатлари кузатилмоқда. Дорихоналарнинг ҚҚС тўламаслиги дори воситаларининг нархини камайтиришга таъсир қилмайди. Аксинча, ҚҚС ўрнатилса, дори воситалари нарх-навосини назорат қилиш тизими яратилишига хизмат қилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech