11:45 (14.03.2024)

511

Масъул раҳбарлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими йўлга қўйилади

"Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони (ПФ-49-сон 13.03.2024 й.) қабул қилинди

Унга мувофиқ, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КРI), уларга эришиш бўйича “йўл хариталари” ҳамда улар томонидан ҳудудларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури Ҳукумат томонидан тасдиқланади.

Самарадорлик кўрсаткичларига ўз вақтида ва сифатли эришилишини таъминлаш ва уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш тизимини рақамлаштириш мақсадида:

  • самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги маълумот ҳар чоракда “samaradorlik.uz” электрон платформасига киритилади ҳамда унда раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлиги рейтинги шаклланади;
  • ҳар бир самарадорлик кўрсаткичига белгиланадиган салмоқ ўлчови йиғиндисидан келиб чиқиб, самарадорлик кўрсаткичлари улар бажарилиши 

           -70 фоиздан кам бўлганда – “қониқарсиз”,

           -70 фоиздан 85 фоизгача – “қониқарли”,

           -85 фоиздан 100 фоизгача – “яхши” ҳамда

           -100 фоиз ва ундан юқори бўлганда “аъло” деб баҳоланади.

Самарадорлик кўрсаткичларининг бажарилишида раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириш мақсадида:

➖ республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларини рағбатлантириш тўловлари миқдори уларнинг самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб белгиланади;

➖ чорак якуни бўйича самарадорлик кўрсаткичларига эришиш натижалари "қониқарсиз" деб баҳоланган раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарларига рағбатлантириш тўловлари келгуси уч ой учун тўхтатилади ва уларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш масаласи кўриб чиқилади, бундан Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида самарадорлик кўрсаткичлари асослантирилган сабабларга кўра бажарилмаганлиги тасдиқланган ҳоллар мустасно;

➖ йил якуни бўйича самарадорлик кўрсаткичларига эришиш натижалари "қониқарсиз" деб баҳоланган раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарларига нисбатан уларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech