09:43 (10.01.2023)

2349

Мутахассис: Коронавирус асоратлари баъзи беморларда суяк ва бўғимлар емирилишига сабаб бўлмоқда

Мурод Ирисметов, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори ССВ матбуот хизматига шу ҳақда маълумотлар берди:

— Коронавирус пандемиясининг дастлабки йили бутун инсоният учун оғир синов бўлди. Ўшанда энг асосий эътибор, аввало, беморлар ҳаётини сақлаб қолиш ва касаллик кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилди. Вақт ўтиши билан тиббиётда бу хавфли инфекция билан курашишнинг самарали йўллари топилди. Даволаш стандартлари такомиллаштирилди. Энг муҳими, COVID-19га қарши вакциналар яратилди.

Аммо кўп ўтмай, коронавируснинг яна бир хавфли жиҳати маъмум бўлди. Яъни унинг оғир асоратлари! Ушбу ҳолат СOVID-19ни бошдан кечирган баъзи беморларда сон суяги, елка, тизза бўғимларининг емирилиши билан кечаётгани сир эмас. Бу — дунё олимларининг илмий хулосаси.

Агар статистик таҳлилларга мурожаат қилсак, пандемиягача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача мазкур хасталикка чалинган беморлар сони 3-4 баробар ортганини кўрамиз. Оқибатда ушбу касалликнинг оғир босқичларида юқори технологик операция ҳисобланадиган эндопротезлаш амалиётига муҳтож беморлар сони кўпайиб бормоқда.

Тўғри, коронавирус пандемияси бошланмасидан аввал ҳам аваскуляр некроздан азият чекувчи юртдошларимиздан мурожаатлар бўларди. Аммо уларнинг сони ҳозирги пайтдаги сингари кўп эмасди. Бугунга келиб тиббиёт марказимизда шундай дардга чалинган мингдан ортиқ беморларнинг реестрини шакллантирганмиз. Таҳлиллар асносида кўряпмизки, уларнинг аксарияти коронавирусга қарши эмланмагани оқибатида касалликни оғир ўтказган.

Устига-устак, шифокор тавсиясисиз, уй шароитида турли антибиотик, гормон препаратларини палапартиш қўллаган. Оқибатда вақт ўтиши билан суякларда емирилиш ҳолатлари юзага келмоқда. Шундай экан, дори воситаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш турли оғир асоратларни келтириб чиқаришини унутмайлик.

Қолаверса, юртдошларимизга COVID-19га қарши тўлиқ босқичда ва бустер дозада, албатта, эмаланишлари зарурлигини эслатиб ўтаман-дейди мутахассис.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech