10:50 (01.12.2023)

803

ЖССТ Европа минтақавий бюроси: Ҳар уч бемордан бири антибиотиклардан шифокор рецептисиз фойдаланмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бактерияларнинг препаратларга чидамли турларини дунё аҳолиси саломатлиги учун ўнта глобал таҳдиддан бири, деб тан олди.

Экспертлар хулосасига кўра, дори-дармонларга чидамли микроблар ҳар йили жаҳон бўйича 5 миллион инсоннинг ҳаётига зомин бўлади. Уларнинг ярим миллиондан зиёди ЖССТнинг Европа минтақавий бюросига аъзо 53 давлат ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу сафда Марказий Осиё мамлакатлари ҳам бор.

Ана шу жўғрофий кенгликда жойлашган 14 давлатда ўтказилган тадқиқотларнинг тасдиқлашича, бу ҳудудда яшовчи аҳолнинг учдан бир қисми антибиотикларни шифокор рецептисиз қабул қилади.

Дори воситаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш супербактерияларнинг жадал кўпайиши ва кенг тарқалишига имкон бермоқда. Оқибатда инфекцияларни самарали  даволаш жараёни қийинлашяпти.

Хавотирли жиҳати, бу ҳолат зудлик билан тартибга солмнмаса, 2050 йилга бориб, дориларга чидамли бактериялардан йиллик ўлим кўрсаткичи 10 миллионга етиши мумкин. 

Ғарбий Болқон, Кавказ ва Марказий Осиё минтақаларидаги 14 мамлакатни қамраб олган тадқиқотга жалб этилган 8221 нафар респондентнинг ярми ўтган йили антибиотиклардан фойдаланганлигини тан олди. Энг ёмони, уларнинг 33 фоизи антибактериал воситаларни шифокор рецептисиз сотиб олган. Ҳатто баъзи мамлакатларда бу кўрсаткич 40 фоиздан юқори.

Иштирокчиларнинг 67 фоизи антибиотиклардан нотўғри фойдаланиш зарарли эканлигидан хабардор. Аммо уларнинг деярли ярми бундай дорилар вирусларга қарши курашда самара беради, деган янглиш хулосада.

— Ушбу ўрганишлар аҳолининг бундай препаратлар ҳақида хабардорлигини янада ошириш қанчалар дорзарб эканлигини англатиб турибди,  —дейди ЖССТ эксперти Робб Батлер. — Қолаверса, минтақамиздаги барча мамлакатларда антибиотикларни шифокор рецептисиз сотишни тақиқлашга доир қонун-қоидалар мавжуд. Фақат уларнинг ижросини қатъий назоратга олиш лозим.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech