12:40 (27.11.2023)

527

Дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар рекламасида 809 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилиши ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Таъкидланганидек, телевидениедаги реклама бошқа дастурлардан ўзининг бошланиши ва охирида аудио-, видео-, аралаш воситалар ёки бошловчиларнинг шарҳлари ёрдамида ажратиб қўйилиши ҳолати юзасидан жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган ўрганишлар натижасида 15 та ҳолатда реклама блоклари телебошловчиларнинг шарҳларисиз жойлаштирилгани кузатилган.

Шунингдек, телекўрсатувлар (концерт-томоша ва спорт дастурлари, кино- ва телефильмлар) намойиши давомида бир нечта реклама блокларини жойлаштирилиши бугунги кунда ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга ва кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Жорий йилнинг июл-август ойларида эса 8 та телеканалдан реклама учун ажратилган эфир вақтининг кунлик ҳажмига 15 фоиз нисбатан қўйилган талабларга риоя қилинмаган.

Дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) ва бошқа (оздирувчи, семиртирувчи) препаратларга оид товарлар рекламасини қонунчилик талабларига мослиги юзасидан ўтказилган ўрганишларда 809 та, халқ табобати товарлари рекламасини қонунчилик талабларига мослиги юзасидан ўтказилган ўрганишларда 29 та, энергетик ичимликларнинг рекламасини қонунчилик талабларига мослиги юзасидан ўтказилган ўрганишларда 133 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган ва Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан огоҳлантиришлар берилган.

Қизғин савол-жавоблар давомида депутатлар томонидан телевидение орқали тарқатилаётган рекламанинг давомийлигига қўйилган талабга риоя этилиши, реклама фаолият субъектлари томонидан телевидениеда рекламани тарқатишнинг тақиқланган усулларидан фойдаланиш, телевидение орқали тарқатилаётган рекламада вояга етмаганлар ҳуқуқларини таъминлаш талабларига риоя этилиши ҳолати юзасидан қатор саволлар берилди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси масъуллари кўтарилган ҳар бир савол бўйича асослантирилган жавоблар бердилар.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech