15:55 (02.03.2023)

2601

Тиббиёт ходимининг касбий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

Бугун Сенатнинг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда.

Бунда ушбу ноқонуний фаолиятни амалга оширган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси киритилмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-7-моддасида тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказганлик ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш белгиланмоқда.

Бундан ташқари, ушбу Кодекснинг 305-моддасига мувофиқ мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш муддати уч суткани ташкил этиши қайд этилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олади. Шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини оширишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech