10:30 (03.03.2023)

1721

Дори воситаларининг максимал нархларини қидириш платформаси ишга туширилди

Ўзбекистонда дори воситаларининг сертификат ва максимал нархларини текшириш платформаси — “Dorigar” ишга туширилди. Бу ҳақда “Edulog CRM” ишлаб чиқиш компанияси маълум қилди.

Платформа маълумотлар базасига 37 мингга яқин дори воситалари киритилган бўлиб, у орқали дорихоналардаги нархларни давлат томонидан белгиланган нархлар билан солиштириш мумкин.

Максимал чакана нарх ҳақидаги маълумотлар билан бирга, платформада доривор маҳсулотнинг мувофиқлик сертификати олган-олмаганлиги ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд.

Керакли дори воситасини топиш учун қидирув тизимига дори воситасининг савдо номи ёки халқаро нодавлат номини киритиш керак. Шунингдек, маълумотларни ўзбек ва рус тилларида олиш мумкин.

Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчилар, муаллифлик ҳуқуқи эгалари ва бошқалар ҳақидаги маълумотларни кўришлари мумкин бўлади.

Дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ва чакана савдоси чекланган савдо устамаларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Бунда улгуржи учун — харид нархининг 15%идан, чакана савдо учун — улгуржи нархнинг 20%идан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади.

Aгар дорихонада сотилаётган дори воситасининг белгиланган энг юқори чакана нархидан ошириб юборилганлиги аниқланган тақдирда, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига 1159 ишонч телефони ҳамда customer.uz сайти орқали мурожаат қилиш мумкин.

Платформага ҳавола орқали ўтиш мумкин.

2022-йили аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш бўйича президент қарори қабул қилинганди.

Ҳужжат билан, 1-майдан жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган дорилар учун дорихоналар томонидан бериладиган харид чекининг фискал белгиси Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ахборот тизимидаги дори воситаларининг чакана референт нархлари билан автоматик тарзда солиштирилиши белгиланган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech