Янгиликлар

not found

"Хонадон дори қутиси": Ундан фойдаланишда қандай талабларга риоя қилиш керак?

Ҳар биримизнинг уйимизда “хонадон дори қутиси” бор. Бундай “аптечка”лардан қайси дорилар ўрин олиши керак? Уларни сақлаш қоидалари қандай? Препаратлардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкин? “Дори воситалари, тиббий буюм, экспертиза стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармокологик назорат бўлими етакчи мутахассиси Равшан Абдуллаев шу ҳақдаги тавсиялари билан ўртоқлашди. — Дориларнинг рецепт асосида ва рецептсиз бериладиган турлари бор, — дейди мутахассис. — Биринчи турдаги препаратлар учун, албатта, шифокор рецепти талаб этилади. Улардан тиббиёт ходимининг тавсияси билангина фойдаланиш ва уй шароитида сақлаш мумкин. Шифокор тавсия қилган жароҳатга қарши, иситма туширувчи, оғриқ қолдирувчи дориларнинг рецептсиз бериладиган турлари эса албатта, “хонадон дори қутиси”да бўлиши мақсадга мувофиқ. Бироқ баъзи ота-оналар фарзандлари шамоллаб қолса, дарҳол дорихонага югуриб, ўзбошимчалик билан боласига антибиотик ёки бошқа турли препаратларни беради. Ёки тиббиётдан яхши хабардор бўлмаган қўшнисини чақириб, анальгин, димедрол, новокаин қўшиб мазкур аралашмани иситма туширишда қўллайди. Ваҳоланки, ҳар бир дори воситасидан фойдаланиш йўриқномаси ва қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар бор. Препаратларни қабул қилиш вақти ва дозаларини шифокор белгилиб бериши шарт. Афсуски, бу талабларга тўлиқ амал қилинмаслиги беморларнинг умумий ҳолати янада оғирлашишига олиб келади. Айниқса, парентерал, мушак ва вена ичига юбориладиган антибактириал дориларни ҳеч қачон уй шароитида қабул қилиш мумкин эмас! Шунингдек, дорихона мутахассиси тавсияси билангина харид қилинган препаратлардан ҳам шифокор маслаҳатисиз фойдаланмаслик керак. Бундан ташқари, ҳар бир дори унинг йўриқномасида кўрсатилган ҳарорат ва муҳитда сақланиши шарт. Қолаверса, яроқлилик муддати ўтган дориларни ичиш ножўя таъсирлар ва оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Агар доридан заҳарланиш ҳолати кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Чунки бу ҳолат, буйрак, жигар, ўпка, юрак фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, ҳатто ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин. Юртимизда “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситалари оқибатида болалар ўлими юз бериши бу борада эҳтиёткорлик, шифокор тавсияси нақадар муҳим эканлигини яна бир бор кўрсатди. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали такрор-такрор огоҳлантирилишига қарамай, баъзи ота-оналар томонидан уй шароитида ҳануз ушбу препаратлардан фойдаланиш ҳолатлари учраётгани афсусланарлидир. Шундай экан, юртдошларимиздан уй шароитида даволанмаслик, "хонадон дори қутиси"даги препаратларни сақлаш қоидаларига қатъий риоя қилиш ҳамда муддати ўтган дорилардан фойдаланмасликни сўраймиз.

  • 7 Январь, 11:03
  • Батафсил
not found

ДХХ: «Док-1 МАКС» ва «Амбронол» дори воситалари белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмаган

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан «Quramax Medikal» МЧЖ ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ масъул шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 1863-моддаси 4-қисми «а» банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Таъкидлаш лозимки, Ҳиндистон давлатида ишлаб чиқарилган «Док-1 МАКС» ва «Амбронол» дори воситаларининг ножўя таъсири оқибатида, ҳозирга қадар «ўткир буйрак етишмовчилиги» ташхиси билан даволанган бемор болалар ҳаётдан кўз юмган. «Quramax Medikal» МЧЖ томонидан мамлакатимизга импорт қилинган ушбу препаратлар «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ томонидан лаборатория синовларидан ўтказилган ҳамда уларга мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ масъул ходимлари томонидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат талаблари қўпол равишда бузилиб, ушбу дори воситалари белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмаганлиги натижасида, сифатсиз препаратларнинг сотувга чиқарилишига йўл қўйилган. Жиноят иши доирасида «Quramax Medikal» МЧЖнинг 2 нафар раҳбар ходимлари ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖнинг 2 нафар масъул ходимлари гумонланувчи шахслар сифатида ДХХ Тергов ҳибсхонасига тегишли тартибда жойлаштирилган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида «Quramax Medikal» МЧЖ томонидан Ҳиндистон давлатидан Ўзбекистонга импорт қилинаётган дори воситаларининг божхона назоратидан ўтказилиши тўхтатилди ҳамда мамлакатимиз дорихоналаридаги бундай препаратлар йиғиб олинди. Ҳозирда бу борадаги тадбирлар давом эттирилмоқда. «Quramax Medikal» МЧЖга тегишли дори воситаларини Ўзбекистонда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилганлиги ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидаги мутасадди ходимларнинг ушбу ҳолат бўйича амалга оширган ҳаракатларини текшириш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳурматли фуқаролар, шу ўринда, эҳтимолий салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, мазкур мавзуга оид текширилмаган ёки асоссиз маълумотларни тарқатмаслигингизни сўраймиз.

  • 6 Январь, 12:45
  • Батафсил
not found

Тошкент вилоятида шу кунга қадар “ДОК-1 МAКС” дори воситасидан ўлим ҳолати кузатилмаган

Ижтимоий тармоқларда “Тошкент вилоятида (Ўртасаройда) ”Док-1 Макс“ дори воситасини истеъмол қилган 2 ёшли бола вафот етди”, деган мазмундаги хабарлар тарқалмоқда. Ушбу хабар юзасидан Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади: Ҳозирги кунгача Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиалига “ДОК-1 МAКС сиропи” истеъмоли натижасида заҳарланиш белгилари билан 9 нафар бола олиб келинган. Улардан 5 нафари соғайиб, уйига қайтарилди, 4 нафарининг аҳволи эса барқарор ҳолатда, уларга тегишли стандартлар асосида муолажалар давом эттирилмоқда. Шуни қайд этиш керакки, Тошкент вилоятидаги соғлиқни сақлаш муассасаларида шу пайтгача “ДОК-1 МAКС” препаратидан заҳарланиш туфайли ўлим ҳолати кузатилмаган. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирда ҳудудлардаги барча дорихоналарда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ва туман-шаҳар тиббиёт бирлашмалари ходимлари томонидан ўрганиш олиб борилиб, “Quramax” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари йиғиштириб олинган. Aҳоли орасида дори-дармонларни шифокор кўрсатмасисиз, палапартиш истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари бўйича шифокор ва патронаж ҳамширалари томонидан уйма-уй юриб, тушунтириш олиб борилмоқда. Бу жараёнда хонадонлардаги шахсий дори қутилари ҳам кўздан кечирилмоқда.

  • 5 Январь, 16:48
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech