14:42 (19.01.2023)

164

ССВ: Ўзбекистонда иммунобиологик препаратлар ва онкологик касалликларни даволовчи дори воситалари ишлаб чиқарилади

not found

Амрилло Иноятов,
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири:

— Президентимизнинг Сингапурга давлат ташрифи доирасида фармацевтика йўналиши бўйича иккита келишув битими имзоланди. Ушбу мамлакатнинг “Мейнхардт Груп” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган Лойиҳалаштириш ва инжиниринг маркази билан иммунобиологик препаратлар ишлаб чиқарувчи, умумий қиймати 49 миллион АҚШ долларига тенг фармацевтика корхонаси очилиши белгиланди.

Унга мувофиқ, юртимизда касалликлар профилактикаси ва даволаш жараёнида қўлланиладиган қуйидаги препаратлар тайёрлаш йўлга қўйилади:

-вакцина, анатоксин, пробиотик ва эубиотиклар;
-иммуноглобулин ва иммун зардоблари, ген инженерлиги йўли билан олинган моноклонал антитаналар;
-иммун коррекцияси, иммун танқислиги муолажаси ва профилактикасида қўлланиладиган иммуномодуляторлар (интерлейкин, интерферон, тимус гормонлари, миелопептидлар, ўсма некрози омили, ўсиш омиллари ва бошқалар).

Бундан ташқари, “СиПиДжи Интернейшнл” компанияси ҳамкорлигида очилаётган Ўзбекистон — Сингапур инвестиция корхонаси билан илдиз ҳужайралари асосида дори воситалари тайёрловчи биофармацевтика комплексини ташкил этишга қаратилган қиймати 100 миллион долларлик лойиҳани рўёбга чиқаришга келишилди.

Маълумки, илдиз ҳужайралари ўз-ўзидан кўпайиш, митоз ёрдамида бўлиниш ва махсус ҳужайралар ҳосил қилиш, яъни турли аъзо ва тўқималарга айлана олиш хусусиятига эга. Замонавий тиббий амалиётда улардан онкологик, хусусан, лейкоз каби қатор касалликларни даволашда фойдаланилади.

Илдиз ҳужайралари ёрдамида жароҳат ёки дегенератив хасталиклар натижасида ўзгаришга учраган тўқималарни тиклаш мумкин. Шу маънода, лойиҳанинг амалга оширилиши туфайли онкологик касалликлар муолажаси, кўмик тўқималари трансплантологияси ҳамда марказий асаб тизими ҳужайраларини тиклашда қўлланиладиган биофармацевтик воситалар ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech