12:29 (24.01.2023)

81

Гепатит алифбоси

not found

 Гепатит вирусли касаллик ҳисобланиб, беморда жигар ҳужайралари зарарланиши кузатилади. Қолаверса, унинг фаолияти бузилиши оқибатида организмда интоксикация — заҳарланиш юз беради. Вирусли гепатитнинг асосан 6 та — A, B, C, D, E, G каби турлари мавжуд.

Гепатит А – энг кўп аниқланадиган, бироқ бошқа турларга нисбатан хавфсизроқ хасталик бўлиб, асосан беморларда ўткир кечади. Аммо сурункали тус олмайди ҳамда ўлим ва бошқа жиддий оқибатларга олиб келмаслиги билан фарқланади.Бу хасталикнинг яна бир номи “ифлос қўллар касаллиги” деб ҳам аталади. Вирусни асосан кирланган сув, таом, яхши ювилмаган идиш ҳамда бемор билан мулоқотда бўлиш орқали юқтириш мумкин. 

Гепатит В. 1967 йил Нобель мукофоти лауреати, америкалик шифокор Самуэль Барух жигар касаллигини келтириб чиқарувчи гепатит B вирусини аниқлашга муваффақ бўлган. Гепатит В ушбу касаллик турлари орасида энг хавфлиси бўлиб, ҳар йили дунёда минглаб инсонлар мазкур вирус туфайли вафот этади. Бугунгача унинг қўзғатувчисига бевосита таъсир этувчи препарат топилганича йўқ. 

Гепатитнинг С тури кўпинча жигар циррози ёки саратонга сабаб бўлувчи хавфли хасталик ҳисобланиб, уни шифокорлар “мулойим қотил” деб ҳам аташади. Сабаби касалликнинг ривожланиш даврида беморда ҳеч қандай салбий белгилар кузатилмайди. Вирус асосан қон орқали, яъни эҳтиётсизлик сабаб стоматолог, маникюр ва бошқа амалиётларда қон теккан буюмдан ўзга бир инсонга юқиши мумкин. Қолаверса, тиш чўткаси ёки соқол оладиган ускуна ҳам касалланиш учун сабаб бўлади. ЖССТ маълумотларига кўра,  ҳар йили дунёда 325 миллионга яқин одам гепатит В вируси ва камида 200 миллион киши гепатит C вируси билан касалланмоқда. 
 
Бутунжаҳон гепатит алянсининг 2021 йилги маълумотларига  кўра, гепатит В ва C вируси туфайли ҳар йили жаҳонда 1,4 миллион одам вафот этади. 

Гепатит D — шифокорлар томонидан «суперинфекция» деб аталадиган гепатит D организмда гепатит B вируси бўлгандагина кўпаяди. Аксар ҳолларда касаллик билан зарарланиш қон қуйганда ёки гиёҳвандларнинг шприцлари орқали юқиши кузатилади. Онадан ҳомилага юқиши ҳам мумкин. гепатит B га чалинган беморлар гепатит D юқишига мойил бўлади. Гемофилия касаллиги бор кишилар гиёҳвандларнинг касалликка чалиниш эҳтимоли юқори. Бир вақтни ўзида гепатитнинг А ва B турларига чалиниш ҳолатлари ҳам учраб туради. Зарарлангандан кейин касаллик ривожлангунича гепатит B сингари 1,5-6 ой вақт ўтиши мумкин.

Гепатит E — гепатит А сингари E тури ҳам деярли сурункали кечмайди. Аммо аёл ҳомиладорлигининг сўнгги уч ойида ушбу вирусни юқтириб олса, ўлим эҳтимоли 40 фоизни ташкил қилади. E гепатит вируслари гепатит А сингари одамга ифлосланган қўллар, ичимлик ва озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқади. 

Гепатит билан зарарланмаслик учун нима қилиш керак?

Гепатитнинг вакцинаси бор турларига қарши эмланинг. Шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинг. Тиббиёт муассасалари ва гўзаллик салонларида бир марталик асбоблардан фойдаланиш ва уларни стерилизацияланганига эътиборли бўлинг. Иложи борича бир йилда бир марта гепатитга қон таҳлили топширинг. Гепатитнинг баъзи турдаги вируслари қонга тушганидан кейин 20 йилгача ўзини намоён қилмаслигини унутманг. Саломатлигингизга бефарқ бўлманг.

 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech